
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун жорий йил 28 октябрда кучга кирди. Қонун билан нималар ўзгарди?
– Амалдаги қонунчиликда фото ва видео қайд этиш техника воситалари ёрдамида аниқланган ҳуқуқбузарликларни жарима солиш тўғрисидаги қарорни чиқариш учун масъул идораларга юборишнинг аниқ муддатлари кўрсатилмаган эди, – дейди Сенат қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов. – Шу сабабли, улар содир этилган вақтдан бошлаб бир неча кун, айрим ҳолларда бир неча ой ўтгандан сўнг ижрога қаратилмоқда. Бу эса, айрим фуқароларнинг тўпланиб қолган жарималарни тўлашда турли қийинчиликларга дуч келишларига, оқибатда эса, асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Чунки, амалиётда ҳуқуқбузарлик ҳақида вақтида хабар берилса, жариманинг 50 фоизини тўлаш имконияти мавжуд.
Бунга барҳам бериш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддаси олтинчи қисм билан тўлдирилди. Унда фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида фуқарони хабардор этиш ва чора кўриш билан боғлиқ янги норма киритилди.
Бунда, йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборилиши, акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланди.
Тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматларига муҳтож фуқароларга ушбу ёрдам ва хизматларнинг зудлик билан кўрсатилишини таъминлаш мақсадида тез тиббий ёрдам ҳамда ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари катта тезликда ёки йўл белгиларига риоя этмай ҳаракатланишлари билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд. Бундай ҳолатлар, ўз навбатида, автоматлаштирилган фото- ва видео техник воситалар орқали қайд этилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддасига асосан, юқорида кўрсатилган ҳолат юзага келган ҳолларда, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматлари томонидан хизмат вазифаларини бажарганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, маъмурий иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси асосида тугатилиши белгиланган.
Кейинги йилларда аҳоли томонидан бундай хизматларга бўлган мурожаатлар кўпайиб, ушбу транспорт воситаларининг бир манзилдан иккинчи манзилга тез етиб боришига эҳтиёж ортиб бормоқда.
Шу боис, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг транспорт воситалари томонидан кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этиши талаби бекор қилинди.
Амалиётда скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари (электросамокат, сигвей, моноколесо) ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган.
Қайд этиш лозимки, Тошкент шаҳрида 2023 йил июнь ойидан бошлаб ўтказилган рейд тадбирларида индивидуал ҳаракатланиш воситалари бошқарувчилари томонидан 200 дан ортиқ йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги аниқланган.
Шу сабабли, скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари (сигвей, электросамокат, моноколесо) ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун, жумладан, скутерлар, мопедлар, велосипедларни ҳамда уловли аравани бошқариш, шунингдек, индивидуал ҳаракатланиш воситаларининг ва скутерларнинг ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Қонун билан йўл-патруль хизмати (ЙПХ) ходимларининг хизматни ўташ вақтида йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда қоидабузарга воқеа жойининг ўзида жарима қўллаши мумкинлигини назарда тутувчи ваколати бекор қилинди.
Бундан 6 -7 йиллар аввал йўл-патруль хизмати ходимлари агар ҳайдовчи ёки пиёда ўзи содир этган ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирмаса, унга жойида жарима солиш ва қоидабузарга квитанция бериш имконияти мавжуд эди.
Бугунги кунда эса замон ривожланиб, ЙПХ ходимлари томонидан маъмурий қоидабузарликни аниқлаш ва уни белгиланган тартибда расмийлаштириш учун уларга электрон планшетлар тарқатилган. Қоидабузар ҳайдовчи ёки пиёданинг шахсига аниқлик киритиш ва унга нисбатан электрон тартибда баённома тузиш мумкин. Ҳайдовчилар эса мобиль алоқа воситалари орқали ўзига нисбатан қўлланилган жарималарни тўлаш имконияти яратилган.
Шу боис, мазкур ваколат бекор қилингани ЙПХ ходимлари ва йўл ҳаракати қатнашчилари ўртасида турли коррупциявий ҳолатлар юзага келишининг олдини олади.
Қонун йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА