Мамлакатимиз Олий суди тарихида кўплаб раҳбарлар ўтган. Уларнинг ҳар бири ҳақида, суд соҳасига қўшган ҳиссаси – фаолияти хусусида кўп ва хўб ёзиш мумкин, зеро ҳар бирининг фақат ўзигагина хос бошқарув услуби, раҳбарлик хусусияти, ўзига хос инсоний фазилати бор.
Мустақил давлатимиз суди тарихида Олий суд раиси бўлган илк аёл – Фарруха Муҳитдиновадир.
У кишининг ҳаёт йўлига назар ташланса, ўзи нозиккина бўлишига қарамай ниҳоятда улкан ва салмоқли ишларни амалга оширган, эл-юрт учун фидойи бир шахсни илғайсиз. Олий судда оддий консультантликдан судьялик лавозимигача босиб ўтилган йўл, ундан сўнг республика миқёсида сиёсий арбоб, Олий суд раиси бўлишдек масъулиятли вазифани зиммасига олиш, икки муддат Олий Мажлис депутати, Қўмита раиси ўринбосари, Парламент раиси ўринбосари, сенатор, Сенат раисининг ўринбосари каби юқори лавозимли вазифаларда хизмат қилиш – бу ҳазилакам гапмас, бундай саодат ҳаммага ҳам эмас...
Фарруха Муҳитдинова Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилиб ўсди. У рус тилига ихтисослашган 83-сонли ўрта мактабда аъло баҳоларга ўқиб, мактабни олтин медаль билан тамомлади.
Ушбу имтиёзли олтин медалнинг залворли юкини, масъулиятини, у фаолияти давомида юз карра, балки минг карра оқлади. Ўзбекистон миллий университетининг юридик факультетига фақатгина тарих фанидан имтиҳон топшириб, аъло баҳо билан талабалик бахтига муяссар бўлди.
Фарруха Фахриддиновна университетни имтиёзли диплом билан битиргач, Олий судга фуқаролик ишлари бўйича катта консультант вазифасига ишга қабул қилинди, негаки, ўша пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси бўлиб ишлаётган Ҳалима Муҳиддинова эндигина талабалик партасидан келган Фаррухани шахсан ўзи суҳбатдан ўтказган эди. Ундаги фикрлаш, билим ва зийраклик Олий суд раисининг синчков назарига сабаб бўлган бўлса не ажаб.
Катта консультант Фарруха Муҳиддинова аввал умумлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари, орадан икки йил ўтиб бўлим бошлиғи вазифасига тайинланди. 1984 йил фармон билан Олий суд судьяси лавозимига сайланди.
Мустақиллик бутун мамлакат ҳаётига сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар, иқтисодий эврилишлар билан кириб келди. Олий Мажлис депутатлари олдида қонунчиликни миллийлаштириш, истиқлол ғоялари руҳига мослаштириш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш учун тубдан янгилаш вазифаси қўйилди. Худди шу пайтлар Фарруха Фахриддиновна фаолиятида ҳам сиёсий ҳаёт бошланди. У Олий Мажлисга депутат бўлиб сайланди: Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари, Қўмита раиси вазифаларида фаолият юритди. Икки муддат Олий Мажлис депутати этиб сайланган бўлса, ушбу давр давомида Олий Мажлис раисининг ўринбосари лавозимида хизмат қилди. 2003 йил, биринчи Президент Ислом Каримовнинг юксак ишончи билан Фарруха Фахриддиновна номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси лавозимига тақдим этилди.
– Раислик давримда Олий суд ходимларининг иш юритиш, мансаб йўриқномаси ишлаб чиқилган ва Раёсатда бу масала муҳокама қилиниб тасдиқланган. Олий судда аппарат яхши ишласа, иш бир маромда кетади. Шикоятлар бўлими, қабулхона, архив, девонхона ва ҳоказо. Ҳар бир ходим ўз вазифасини аниқ билиши учун унинг мажбурияти, муайян бурчи ҳуқуқий меъёрлар билан белгилаб қўйилиши зарур эди. Олий судга айрим фуқаролар қуйи судлар – судьялар ҳаракати ёки ҳаракатсизлигидан норози бўлиб келар, уларга тўғри тушунтиришлар бериш орқали муаммоларини ечиш, масаланинг юқори инстанцияда кўриб чиқилишини назоратда тутиш, йўл қўйилган ҳар бир хато-камчиликни такрорламаслик нуқтаи назаридан эътиборда сақлаш лозим эди. Бунинг ҳаммаси ўша йўриқномаларнинг тизимли ишлашини тақозо этарди.
Ўша даврда жиноят қонунчилигида ўлим жазоси мавжуд эди. Маҳкум шикоят ёзса-ёзмаса, ишни Афв этиш комиссиясига юборар эдик. Масъулият ниҳоятда катта эди. Бу каби ишлар синчковлик билан қараб чиқилар – пухта ўрганилар эди. Фуқароларнинг қабулига катта эътибор қаратардим. Қуйи суд раисларидан ҳам шуни талаб қилар эдим. Қабулга келган фуқароларнинг иши нима бўлди – масала қандай ечим топди? Барчаси назоратимда бўларди. Шикоят асослими, асоссизми? Ҳар томонлама ўрганилар эди. Ҳар ҳафтада бир марта шахсий қабулим бўларди. Биринчи қабулимда 70 нафар одам ёзилган, тунгача қабул қилганман. Янги раисдан умид қилиб кўпчилик эски масаласи билан келишган. Рад жавоби олган бўлса ҳам келган. Кейинчалик, аста-секин жойига тушиб, бир қабулга 5-8 нафар одам ёзиладиган бўлган.
Олий суднинг яна бир муҳим йўналиши суд амалиётини шакллантириш эди. Айрим тоифадаги ишлар бўйича қонунчиликдаги бўшлиқларни тўлдириш, амалдаги ҳуқуқий меъёрларни татбиқ этиш ва тушунтириш мақсадида Пленум қарорлари қабул қилганмиз. Олий суд Пленумининг қарорлари ҳозиргача долзарблигини йўқотган эмас – дейди Фарруха Муҳитдинова.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича Олий малака комиссияси ташкил этилган бўлиб, Фарруха Муҳиддинова мазкур комиссия раиси сифатида саккиз йил мобайнида самарали иш олиб борганлиги ҳам эътирофга сазовор.
2005 йил мамлакатимиз қонунчилик ҳокимиятида икки палатали Парламент жорий этилди. Олий Мажлиснинг қуйи палатаси – Қонунчилик палатаси, юқори палатаси – Сенатдан иборат бўлди. Сенаторлар гуруҳи шакллантирилди. Биринчи Президент тавсияси билан сенатор мақомига эга бўлган Фарруха Муҳиддинова Сенатнинг ички йиғилишида кўпчилик овоз билан Сенат раиси ўринбосари этиб сайланди.
– Қонун лойиҳалари қуйи палатада ишланиб, Сенатга чиқариларди, айрим қонунлар саёз бўлгани учун қайтарилган ҳолатлар ҳам бўлган. Масалан, ўша даврда 4 та қонун қайтарилганлигини эслайман. Маҳаллий кенгашлар билан иш олиб борар эдик. Қонун қандай ишлаяпти, қандай ўзгартиришлар киритилиши керак? Ҳаммаси ўрганилиб, умумлаштирилар эди, – дейди у.
Кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг фалсафа ва ҳуқуқ институтида фаолият олиб борди. Олий судда, депутатликда ишлаган вақтида ўзини илмий ишга ҳам бағишлади. Устози академик Ҳожиакбар Раҳмонқулов раҳбарлигида аввал номзодлик, кейин докторлик диссертациясини муваффақият билан ёқлади. 2019 йили уни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ишга таклиф қилишди. У ерда ишлаб, талабаларга назария ва амалиётдан дарс берди.
Ф.Муҳитдинова айни пайтда Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги – Судьялар олий мактабида фуқаролик ҳуқуқи кафедрасида ишламоқда.
– Яқинда Испания давлатига бориб келдик, – дейди Фарруха Фахриддиновна, – уларда ҳам судьялар олий мактаби бор экан, ташкил этилганига 25 йил бўлибди. Алоҳида биноси бор, ўрганадиган жиҳатларига эга. Бизда ҳам мактаб фаолияти ривожланмоқда. Хитой файласуфи Конфуций айтади: «Агар ишлашни хоҳламасанг яхши кўрган ишинг билан шуғуллан».
Фарруха опанинг шогирдлари «устоз» дея мурожаат қилишади. Унинг шогирдлари юзлаб десак адашмаган бўламиз. Улар жамиятнинг турли жабҳаларида меҳнат қилишмоқда.
– Тан олиб айтиш керак, ҳозирги суд соҳасида фаолият олиб бораётганларга ҳавас қилса арзийди, – дейди устоз. Жуда салмоқли ва самарали ислоҳотлар амалга оширилди: судьялар мустақиллигини амалда таъминлаш тадбирлари, судларнинг бирлаштирилиши, маъмурий судларнинг ташкил топиши, рақамлаштириш ишлари, моддий техника билан тўлиқ таъмин этилиш каби яратилаётган шароитларни назарда тутмоқдаман.
Фарруха Муҳиддинова нафақада бўлсалар-да, ҳамон ҳаракатда, жамият учун фойдали меҳнат қилиш шижоати заррача сусаймаган. Ўз ишига масъулият ҳисси у кишини мудом тарк этмаган.
Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан фаолиятини, бутун умрини суд-ҳуқуқ соҳасига бағишлаган олий малака даражали фахрий судья, нуфузли сиёсий арбоб, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси Фарруха Муҳитдиновага мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр ва хизмат фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.
З. ҚЎЗИБОЕВ, журналист