Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Тоҳир Турдиев мазкур ташкилот томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди:
– “Ҳудудгазтаъминот” АЖ 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун ўтган йиллар куз-қиш даврида кузатилган муаммо ва камчиликлардан хулоса чиқариб, натижадор ва аниқ манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқди.
Ушбу чора-тадбирларга мувофиқ, ҳудудларда тизимли ишлар ташкил этилди. Бугунги кунга қадар 173,6 километр масофадаги газ тармоқларида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 1650 та маҳаллада 263 километр масофадаги янги газ тармоқлари реконструкция қилинди. 478 та газ тақсимлаш пункти мукаммал таъмирланди, 52 минг 462 та газ тақсимлаш пункти техник тафтишдан ўтказилди ва шай ҳолатга келтирилди.
Дастур доирасида 7 минг 283 километр масофадаги ер ости газ қувурларининг ҳолати текширилиб, 4 минг 95 километр масофадаги ер усти газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди. Жорий йилда 281 мингта хонадонга газ босим ростлагичлари (регулятор) ўрнатилди, бу билан икки босқичли тизимга ўтказилди. 5 минг 882 та газ тақсимлаш пункти демонтаж қилинди. Натижада технологик йўқотишлар 1,9 миллион метр кубга қисқартирилди ва куз-қиш мавсумида 571 мингдан ортиқ аҳоли хонадонида газ таъминотини яхшилаш имконияти яратилди.
Режадан ташқари, Бухоро, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида 43 та маҳалланинг газ таъминотини яхшилаш мақсадида 69 километр масофадаги газ қувурлари мукаммал таъмирланди. Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида тунги сменаларда 238 та бригада махсус автотранспорт ва ҳимоя воситалари билан таъминланди ҳамда барча зарурий захиралар яратилди.
Шунингдек, бу йилги куз-қиш мавсуми учун 3,7 миллионта суюлтирилган газ истеъмолчисига 2024 йил октябрдан 2025 йил март ойларигача 330 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган.
Истеъмолчиларнинг маиший газ баллонларига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, жорий йил бошидан 26,5 минг дона маиший газ баллон етказиб берилди. Газ тўлдириш иншоотларида кунлик 3,7 минг тонна газ ва газ таъминоти омборларида 22,3 минг дона маиший газ баллон захираси яратилди.
Олис ва бориш қийин бўлган 292 та қишлоқдаги 142 минг аҳоли хонадони ҳамда ижтимоий дафтарларга киритилган оилалар жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолати бўйича 1,7 минг тонна суюлтирилган газ билан таъминланди. Бугунги кунда таъминот ишлари давом эттирилмоқда.
Айни кунларда 24/7 иш режимида “Call-center” фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам истеъмолчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш, муаммоли масалаларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда муҳим омил ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА