Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида давлат буюртмачилари томонидан қарийб 8,1 миллиард сўмлик 24 давлат харидида соҳага оид қонунчиликка зид ҳолатлар аниқланди.
Жумладан, Самарқанд вилояти руҳий касалликлар шифохонасида 1,4 миллиард, Избоскан тумани тиббиёт бирлашмасида 1,3 миллиард, Музработ тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасасида 1,3 миллиард сўмлик давлат харидида қонунбузарликка йўл қўйилган.
«Ўзтемирйўловчи» акциядорлик жамияти қошидаги Бино, иншоот ва жиҳозларнинг капитал таъмири бўйича дирекцияда 796 миллион, Денов тумани тиббиёт бирлашмасида 735 миллион, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 337 миллион, Миришкор тумани ободонлаштириш бошқармасида 88 миллион, «Қипчоқ йўллардан мунтазам фойдаланиш» давлат унитар корхонасида 49 миллион, Ёшлар ишлари агентлиги Нарпай тумани бўлимида 47 миллион, Нарпай тумани 13-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби буюртмачилигида 30 миллион сўмлик давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган.
Шунингдек, Аму-Бухоро машина канали Олот тумани бошқармасида 612 миллион, Бухоро архитектура ва қурилиш техникумида 600 миллион, «Ёшлик киностудияси» давлат унитар корхонасида 239 миллион, Пайариқ тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасида 75 миллион сўмлик турли хилдаги давлат харидларида ўзаро аффилланган шахслар иштирок этгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, Асака Агротехнологиялар техникумида 442 миллион сўмлик техник жиҳозларни харид қилиш юзасидан ўтказилган давлат харидларида баҳолаш жараёнида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
– Агентликнинг тақдимномаларига асосан харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниб, мазкур давлат харидларининг қонунга хилоф тарзда ўтказилиши олди олинди, – деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров. – Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА