Навоий шаҳар адлия бўлимига “Ўзбекистон” ва “Янги ариқ” маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари тўланмаган меҳнат таътили маблағларини ундиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Адлия ходимлари эса маҳалла ходимларининг қонунчиликда белгиланган ҳуқуқларини суд орқали тиклашга муваффақ бўлди.
– Навоий шаҳар адлия бўлими томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролари йиғини раиси Дилноза Қурбонова манфаатида даъво аризаси киритди, – дейди шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ширинбек Очилов. – Мазкур иш бўйича суд мавжуд ҳужжат ва далилларни атрофлича ўрганди ва қарор қабул қилди. Жавобгар Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Навоий шаҳар бўлимига нисбатан меҳнат таътилини ундириш тўғрисидаги даъво аризаси қаноатлантирилди. Суд қарорига кўра, “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролари йиғини раиси Дилноза Қурбоновага йиллик меҳнат таътили учун тўланмасдан қолган 5 миллион 925 минг 718 сўм иш ҳақи ундирилиши белгиланди.
Шунингдек, даъвогар Навоий шаҳар адлия бўлимининг “Янгиариқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абусаид Мавлонов манфаатида жавобгар Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Навоий шаҳар бўлимига нисбатан йиллик меҳнат таътили учун иш ҳақи ундириш ҳақидаги даъво аризаси ҳам қаноатлантирилди. А.Мавлоновнинг фойдасига йиллик меҳнат таътили учун 5 миллион 808 минг 600 сўм миқдоридаги пул ундириладиган бўлди.
Хўш, нега Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Навоий шаҳар бўлими ўз ходимларининг йиллик меҳнат таътили учун тўловларни беришда бундай хатоликка йўл қўйган?
Мурожаатлар ўрганилишида маълум бўлишича, Навоий шаҳар Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими тугатилиб, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Навоий шаҳар бўлими ташкил этилган. Янги ташкилот эса маҳалла раисларига йиллик меҳнат таътилига чиққан даври учун иш ҳақи тўловларини тўлаб беришни маблағлар сметасига киритмаганлиги боис, меҳнат таътили пуллари тўловларини амалга ошириш имкони бўлмаган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири