“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизматининг хабар беришича, ўтказилаётган назорат тадбирларида қатор ноқонуний ҳолатлар аниқланмоқда.
Хусусан, Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги “С.О.О.” МЧЖга қарашли автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида ностандарт елим идишларда автобензин сотилган. Бундай ноқонуний ҳолат Сурхондарё вилояти Ангор туманида жойлашган “М.С.” МЧЖга қарашли АЁҚШда ҳам кузатилган.
Айни пайтда ушбу АЁҚШларнинг биржа савдоларида иштирок этиши вақтинча тўхтатилди.
Шунингдек, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳам фош этилди. Унга кўра, Самарқанд вилояти Ургут туманидаги “О.А.” фермер хўжалиги раҳбари О.Х. “Янги ариқ” каналидан сув олиш учун ўрнатилган сув насосининг электр ҳисоблагичига ташқи таъсир ўтказиб, тижорат мақсадида жами 345,6 миллион сўмлик электр энергиясини ўғринча ишлатган.
Навоий вилоятидаги “Й.О.” фермер хўжалиги масъул шахслари тижорат мақсадида хўжаликка қарашли ер майдонида электр сув насосларини тармоққа тўғридан тўғри улаб, 156,1 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Андижон вилояти Балиқчи туманида яшовчи фуқаро М.А. тижорат мақсадида 2 гектар ер майдонида сув насосини электр тармоғига тўғридан тўғри улаган. Унинг бу ноқонуний ҳаракати туфайли тизимга 130 миллион сўм миқдорида зарар келтирилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА