Хабарингиз бор, Президент томонидан жорий йил 5 августда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун имзоланди.
Ушбу қонунга мувофиқ, жорий йилнинг 8 ноябридан ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига эгалик ҳуқуқи берилади. Хўш, мулк эгаси расмийлаштириш учун тўлов қиладими? Агар тўлов қилинса, миқдори қанча? Шу каби саволларга Давлат кадастрлари палатаси Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси бошлиғи Иззатулла Раҳимовдан жавоб олдик.
– Юқоридаги қонун 8 ноябрдан кучга киради, – дейди Иззатулла Раҳимов. – Унда ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш назарда тутилган. Яъни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан мақсадга мувофиқ деб топилган тақдирда Кадастр агентлиги томонидан тегишли шахсларнинг телефон рақамига бир марталик тўловни йигирма иш куни ичида тўлаш тўғрисидаги хабарнома автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик равишда юборилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотлардан бир марталик тўлов ундирилади.
Шунингдек, ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман-шаҳар комиссиялари томонидан эътироф этиш мумкин деб топилганлиги ҳолларига ёки уни эътироф этиш рад этилганлиги ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтганлиги сабабли якунига етмаганлиги ҳолларида бир марталик тўлов ундирилади.
Қолаверса, фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига, хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига, фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилади.
Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида, вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, бошқа аҳоли пунктларида базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов қилинади.
Шуни ҳам айтиш жоиз, бир марталик тўловни тўлашдан қуйидаги шахслар озод этилади. Хусусан, бир марталик умумдавлат акцияси доирасида бир марталик йиғимни тўлиқ тўлаган шахслар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахслардан бир марталик тўлов белгиланган тўловнинг эллик фоизи миқдорида ундирилади.
Агар бир марталик умумдавлат акцияси доирасида Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман-шаҳар комиссиялари томонидан шахснинг ўзбошимчалик билан қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин деб топиш белгиланган хулосасига асосан далолатнома шакллантирилган, бироқ бир марталик йиғим ундирилмаган ёки тўлиқ ҳажмда ундирилмаган бўлса, у ҳолда бир марталик тўлов ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ ундирилади. Бунда бир марталик умумдавлат акцияси доирасида ундирилган бир марталик йиғим суммаси инобатга олинади.
Эслатиб ўтиш ўринли, бир марталик умумдавлат акцияси доирасида тўланган бир марталик йиғим ва ушбу қонун доирасида ундириладиган бир марталик тўлов ўртасидаги фарқ қайтарилмайди.
Фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан 2018 йил 1 майга қадар ортиқча эгаллаган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга белгиланган.
Шунингдек, 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига кўра қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқароларга, якка тартибдаги тадбиркорларга ёки резидент бўлган юридик шахсларга ажратилган, тасдиқлаш масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган ер участкасига (бундан шундай ер участкасида икки йил ичида бинолар ва иншоотлар қурилмаган ёки уларнинг қурилиши бошланмаган ёхуд ер участкасидан мақсадсиз фойдаланилган ҳоллар мустасно).
2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкасига белгиланган. Якка тартибдаги уй-жой эгаллаган ер участкасининг амалдаги майдони ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ўлчамлардан ошган ҳолларда, ер участкасининг ортиқча эгалланган қисмига бўлган ижара ҳуқуқи, башарти бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса, деҳқон хўжалигини ёки томорқа хўжалигини юритиш учун ижара ҳуқуқини эътироф этиш учун бир марталик тўлов ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг ўртача бозор қиймати миқдорида ундирилади.
Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқининг ўртача бозор қиймати ер участкаларидан фойдаланиш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан 0,01 гектар майдон учун фуқаролар ўзини ўзи бошқаришининг ҳудудий бирликлари бўйича ҳар йили январь ва июль ойларида белгиланади. Унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ҳамда автоматлаштирилган ахборот тизимига тақдим этилади. Бунда тегишли ҳудудда охирги ўн икки ойда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини сотиш бўйича электрон онлайн-аукционлардаги ўртача нархлар, электрон онлайн-аукцион ўтказилмаган ҳудудлар учун эса тегишли туман-шаҳар ёки юқори турувчи маъмурий-ҳудудий бирликлар бўйича ўртача нархлар ижара муддатига кўра тузатиш киритилган ҳолда асос сифатида қабул қилинади.
Тегишли шахслар томонидан бир марталик тўлов белгиланган муддатларда тўланмаган тақдирда, уларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш тўғрисидаги ишлар тўхтатиб турилади.
Тегишли шахслар томонидан бир марталик тўлов тўланган тақдирда, электрон йиғмажилд, маълумотлар ва ҳужжатлар тайёрланган ижобий хулосалар билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига навбатдаги сессияда кўриб чиқиш учун автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик равишда юборилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА