Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Халқаро жамоат фонди, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази, пойтахтимиздаги “Diplomat University” университети билан ҳамкорликда икки халқ адабий алоқаларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган маърифий анжуман ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан адабиётга, китобхонликка қаратилаётган эътибор натижасида жаҳоннинг кўплаб давлатлари ижодкорлари билан адабий алоқалар кенгайиб бораётгани, ўзбек адиб ва шоирларининг асарларини турли тилларга таржима қилишга оид ишлар ҳажми ортганини эътироф этди.

– Тошкентга хизмат сафари билан биринчи марта келишим эмас, – деди Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ахборот ва араб-рус тадқиқотлари маркази раҳбари Мажид ал-Туркий. – Бу мўътабар диёр менда доим катта таассурот уйғотади. Айни пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги адабий алоқалар янада ривожланишига тилакдошман. Ёшларга қарата айтмоқчи эдимки, бундай ажойиб даврлар сизнинг фурсатингиздир. Ёшлик чоғида шундай ажойиб устозлар, профессор-ўқитувчиларингиздан, адиблардан керакли билимларни олиб қолишингизни, кўпроқ китоблар ўқишингизни, камолот сари интилишингизни истар эдим.

Анжуман давомида ўзбек ва араб алоқалари қадим тарихга эга экани, халқларимиз маданий-маърифий ҳаётида ўхшаш жиҳатлар кўплиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида устоз ижодкор Абдулла Қодирийнинг араб тилида чоп этилган “Ўткан кунлар” ҳамда “Меҳробдан чаён” романларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Абдулла Қодирийнинг беғубор ва соф инсоний муносабатлар тараннум этилган ушбу асарлари энг аввало ўзбек халқининг нисбатан яқин тарихи, юртимиздаги XIX аср охири ва XX аср аввалидаги ижтимоий, сиёсий вазият, ўша даврдаги муҳит, мустамлакачилик сиёсати ҳақида батафсил маълумот бериши билан аҳамиятли. Шунингдек, жаҳонинг кўплаб халқлари тилига таржима қилинган бу романлар ўзбек халқининг яқин тарихидаги турмуш тарзи, анъана ва қадриятлари, тилшунослиги бўйича ҳам қимматли манбадир.
Анжуманда адабий алоқаларни янада равнақ топтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди. Анжуман давомида бадиий асарларни кўпроқ таржима қилиш, Саудия электрон университети ҳамда пойтахтимиздаги “Diplomat University” университети ўртасида ҳамкорликка оид ҳужжатлар ҳам имзоланди.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири