Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Исроилнинг ватан тупроғига қарши саъй-ҳаракатига мамлакат “муносиб жавоб бериши”ни маълум қилди.
Исроил шанба куни эрта тонг Эрондаги баъзи ҳарбий объектларга ҳаво ҳужуми уюштирди. Шу муносабат билан Теҳронда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида давлат раҳбари мамлакатнинг олдиндаги азми қарорини баён этди.
– Биз уруш истамаймиз, лекин халқимиз ва давлатимиз ҳуқуқини ҳимоя қиламиз ҳамда Исроил “тажовуз”ига муносиб жавоб берамиз, – деди Пезешкиён.
Эрон ҳукумати Исроил тарафдорлари, биринчи навбатда АҚШни ўн минглаб аёллар ва болалар ўлимида айблаган.
– Агар тажовуз ва жиноят давом этса, Ғарбий Осиё минтақасида кескинлик янада кучаяди, – дейилган баёнотда. – Кундек равшанки, Исроил бу фалокатларни юзага келтириши учун Қўшма Штатлар иғво уюштирмоқда. Аввалига биз вазмин бўлсак, урушни тўхтатишга ваъда беришди. Афсуски, сўзларининг устидан чиқишмади.
Пезешкиён, шунингдек, Исроил ҳужумида Эрон армияси ҳаво мудофааси тизими вакилларидан тўрт нафари ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Эрон парламенти мажлисидаги нутқида қонун чиқарувчи орган спикери Муҳаммад Бакир Қолибоф ҳам Исроилга мамлакат аниқ жавоб беришини ваъда қилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА