Дунё тажрибасида “Ақлли қишлоқлар” концепцияси мавжуд бўлиб, бугунги кунда бу борада яхши натижаларга эришилмоқда. Шу сабабли, мазкур халқаро тажрибани Ўзбекистонда татбиқ этиш имкониятлари ҳар жиҳатдан ўрганиляпти. Ҳатто юртимизда бу бўйича илк қадамлар ҳам бошланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти етакчи мутахассиси Алексей Ким билан айнан ушбу мавзуда, яъни “Ақлли қишлоқлар” концепцияси, унинг имкониятлари ва хорижий тажрибалар ҳақида суҳбатлашдик.
– Алексей, ҳозирги кунда “Ақлли қишлоқлар” концепциясининг аҳамияти ҳақида кўп гапирилмоқда. Бу нима ва қандай имкониятлар беради?
– Тўғри, “Ақлли қишлоқлар” нафақат рақамли технологияларни жорий этиш, балки қишлоқ жойларини барқарор ривожлантиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги концепциядир. Бу фақатгина рақамли трансформацияни эмас, балки қишлоқлардаги ҳаётни яхшилаш ва иқтисодий ўсиш учун янгича имкониятларни излашни англатади.
– Хорижда бу борадаги қайси лойиҳаларни алоҳида эътиборга молик, деб ҳисоблайсиз?
– Хитойдаги “Ақлли қишлоқ Байху” лойиҳаси яхши мисол бўла олади. У ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг онлайн савдоси йўлга қўйилган. Бу эса 30 мингдан ортиқ кишини камбағалликдан чиқаришга ёрдам берди. Электрон тижорат бу ерда ҳал қилувчи роль ўйнади ва 2022 йилда 13,6 миллиард юань даромад келтирди.
– Бундай онлайн платформаларни Ўзбекистонда ҳам ташкил этиш мумкинми?
– Мумкин, албатта, лекин интернет қамрови, инфратузилма ва маҳсулотларни бозор талабларига мослаштириш керак. Масалан, Испаниядаги “COWOCAT Rural” лойиҳасини олайлик. Бу лойиҳа қишлоқ жойларида коворкинг майдонлари яратиб, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлади ва маҳаллий аҳолининг жойларда ишлаш имкониятини оширди. Лойиҳа доирасида 18 дан ортиқ коворкинг майдони ва 130 нафардан ортиқ мутахассис тармоққа қўшилди. Бу эса қишлоқларда кучли коворкерлар ҳамжамиятини шакллантиришга ҳисса қўшди.
– Яна қайси давлатларда бу каби лойиҳалар амалга оширилмоқда?
– Масалан, Конго Демократик Республикасида "Pamoja Net" лойиҳаси Иджви оролига интернетга кириш имконини берди. Бу маҳаллий бизнес муҳитини яхшилади ва халқаро харидорлар билан алоқа ўрнатишга ёрдам берди. Маҳаллий корхоналарнинг қўллаб-қувватлаши ва "Fjord" технология компанияси билан ҳамкорлик туфайли 3 минг 900 нафардан ортиқ киши интернетга уланиш имконига эга бўлди.
Озарбайжонда Агали аҳоли пунктидаги “Ақлли қишлоқ” қайта тикланадиган энергия манбалари ва рақамли технологиялардан фойдаланиш намунасига айланди. Аҳоли пункти энергетик жиҳатдан мустақил, яъни ушбу ресурсларга бўлган эҳтиёж қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳисобига таъминланади. Агали қишлоғидаги ҳар бир бино толали изоляция, электродли сув иситгичи, қуёш панеллари ва бошқа "яшил" технологиялар асосида жиҳозланган.
–Айтингчи, Ўзбекистонда ҳам шундай лойиҳалар татбиқ этиляптими?
– Ҳа, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қишлоқлар барқарорлиги ва унумдорлигини оширишга қаратилган ташаббуслар ҳам фаол амалга оширилмоқда.
Масалан, 2023 йилда ФАОнинг ташаббуси доирасида Фарғона водийсидаги Новкент ва Юксалиш қишлоқлари танланди ва уларда рақамли қишлоқ хўжалиги тажриба лойиҳалари жорий этилмоқда.
Айни пайтда бу борада ишлар жадал олиб бориляпти. Лойиҳа доирасидаги эришилган ютуқлар галдаги тадбирларимизнинг асосий мавзусига айланади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.