Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг ўзаро дўстлик ва адабий алоқалари ҳар томонлама ривож топаётир
“Ўзбек ва тожик халқлари бир дарахтнинг икки шохи, бир
дарёнинг икки ирмоғига ўхшайди. Бизнинг муқаддас
динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Қувончу ташвишларимиз,
тақдиримиз муштарак. Аждодларимизнинг
анъаналарини давом эттириб, халқларимиз дўстлигини
мустаҳкамлашимиз ва асраб-авайлашимиз керак”
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Президенти.
Дўсту қардошдир азалдан
Ўзбегим тожик билан,
Иккиси бир байт ғазалдан
Ўзбегим тожик билан...
Бахтга ёр доим Навоий
То Жомий бор экан,
Биз улар қўйган тамалдан,
Ўзбегим тожик билан...
Машҳур шоир Абдулла Ориповнинг юқоридаги сатрлари ҳамон дилларга қувонч, фахрланиш ҳисси, ўзгача шукуҳ ва ғурур бахш этади. Яқинда Дўрмон ижод уйига тожикистонлик таниқли ижодкорлар Султонмурод ака Ҳожибоев билан Жамшид ака Пиримов кириб келишди.
– Аллоҳга шукр, беш-олти йилдан бери Ўзбекистонга қийналмай, эмин-эркин бориб-келадиган бўлдик, давлатингиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга минг раҳмат, – деди Жамшид ака хурсандчилигини изҳор этиб. – Биз Ўратепада яшаймиз. Хўжанддан Тошкентга бориш унчалик узоқ эмас. Бироқ аввалги йилларда минг бир азоб билан келар эдик Ўзбекистонга. Виза олиш, қанчадир пул тўлаш ва яна қандайдир кўпдан кўп ҳужжатлар тайёрлаш ташвиши кишини эзиб юборар эди.
Таниқли шоир Жамшид Пиримовни анча йиллардан бери танийман. У 1948 йилнинг 25 апрелида Истаравшан туманининг Майдонча қишлоғида туғилган. Юртимизга тез-тез келиб туради.
–Илгари Ўзбекистонга боролмай, невараларимни кўролмай қийналардим, уларни соғинар эдим, – дейди шоир гурунг оловига ўт қалаб. –Икки ўғлим Тошкентда яшайди. Укам эл суйган атоқли адиб. Шойим Бўтаев кўп йиллардан бери шу ерда ишлайди ва истиқомат қилади. Уларни кўргим келади, шунинг учун Тошкентга қатнаб тураман. Ўзбекистондаги шоир ва адиблар билан кўп йиллардан буён қадрдонман. Айниқса, таниқли шоир, ёзувчи ва публицист Абдусаид Кўчимовни жуда ҳурмат қиламан. Асарлари мени ҳамиша мафтун этади.
Истеъдодли шоир Жамшид ака Пиримовнинг шеърларини анча йиллардан бери ёд олгандим, айримларини тез-тез ўқиб турар эдим.
Майингдан қуй энди,
Бир кайфи келди,
Бадр оқшомида би-ир сархуш бўлай.
Дилором, кавсарий сувларда энди,
Ҳушимдан айрилиб урён чўмилай.
Шоирнинг укаси Шойим Бўтаевнинг ҳикоя, қисса ва романларини ҳам доимо иштиёқ билан ўқиб тураман. Адибнинг кўпчилик асарларида ҳаёт ҳақиқати бадиий бўёқларда тасвир этилган, образлар табиий, персонажлар жонли. Асарларидан бири “Йилнинг энг яхши китоби” танловида ғолиб бўлди. Бу ютуқ ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Тожик ва ўзбек халқлари дўстлиги, шоир ва ёзувчилар ўртасида адабий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганини тасдиқлайдиган яна бир нечта мисоллар келтиришни лозим топдим.
Бу йил сентябрда меҳнат таътилининг бир қисмини Тожикистонда ўтказгандим. Сурхондарёдан Душанбега бориш унчалик қийин эмас, икки давлат ўртасида постда турган ҳарбийларга паспортингизни кўрсатсангиз бўлди, оқ йўл тилаб, чегарадан ўтказиб юборишади.
Ижодий сафаримизни дастлаб Ўзбекистонга энг яқин Мирзо Турсунзода шаҳридан бошладик. Илгари бу гўзал шаҳар Регар деб аталар эди. Тошкент давлат университетини битираётган йилим бир кеча меҳмон бўлгандим бу ерда. Бу гал борганимда кўрдимки, шаҳар жуда ўзгариб кетибди. Улкан қурилишлар, осмонўпар бинолар ақлингизни шошириб қўяди. Бу ерда шоир дўстимиз Ҳасанбой Ғойиб истиқомат қилади. Бугун ҳам у билан гурунглашдим, китобларимни совға қилдим.
Не зотларни кўриб келган бу дунё,
Армонларга тўлиб келган бу дунё.
Гулдек яшнаб, сўлиб келган бу дунё
Сен туфайли шодликларга тўлса бас.
Душанбега борганимизда Ҳасанбой Ғойиб ҳамда Тожикистон халқ шоири Гулрухсор Сафиева билан гурунглашдик. Унга “Муҳаммад Шайбонийхон” романимни ҳадя қилдим. Ҳатто машҳур шоира билан суратга тушишга ҳам улгурдик. У Тошкентга жуда кўп борганини, дўстлари кўплигини, яна бир неча йилдан сўнг саксон йиллик юбилейига ўзбек адибларини таклиф этмоқчи эканини алоҳида таъкидлади.
–Мен Ўзбекистондаги шоир ҳамда адибларнинг асарларини ҳамиша ўқиб тураман. Кейинги йилларда ўзбек адабиёти ниҳоятда равнақ топаётир, талантли шоир ва ёзувчилар кўплаб етишиб чиқаётганидан мен ҳам мамнунман, – дейди шоира хурсанд бўлиб.
Машҳур ижодкорнинг қуйидаги шеърини бир вақтлар ёд олгандим.
Рашк ҳаёт ипини кетдими узиб?
Ҳаётнинг жонига ишқ боғланарди.
Эрлар эри менинг ошиғим эди,
Менинг ошиғимдир мардларнинг марди.
Ҳеч аёлни мендай этмаган ғамгин
Қайғу табассуми, ёрнинг жамоли.
Ҳеч вужудга мендай бермаган озор,
Бу ҳаётда эзгу ҳислар заволи.
Гулрухсор Сафиева билан қизғин суҳбатдан сўнг Тожикистон ёзувчилар иттифоқи раиси Низом Қосим билан гурунглашдим. У кабинетидаги китоб жавонидан иккита шеърлар тўпламини совға қилди. Мен ҳам хурсанд бўлиб ўзимнинг “Севги сеҳри” китобимни унга узатдим. Таниқли шоир бу билан ҳам қаноатланмай профессор, кўп йиллар Тожикистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари бўлиб ишлаган Бобожон Ғафуровнинг “Тожикон” асарини ҳам иньом этди. Китоб бир миллион олти юз минг нусхада нашр этилган, унда ҳар бир тожик хонадонида сақланиши зарурлиги таъкидланган эди. Қарийб минг саҳифадан иборат бу маънавий обидада ўзбек ва тожик халқларининг ўтмиши, ҳатто Муҳаммад Шайбонийхон хусусида ҳам қизиқарли ва батафсил ҳикоя қилингани диққатга сазовор.
Таниқли адиб Низом Қосим Тошкентга келганида учрашгандим, асарларини аввал ҳам ўқигандим, шеърларидан айрим намуналарни адабий-танқидий мақолаларимга эпиграф қилиб олган эдим.
Шира эди бу беозор жонимга сути,
Лабларимда тўлиб оққан ариқ эди бу.
Ҳар ариқ оқ шеър мисраси эди, эҳтимол,
Оқ шеъримни айлаганман ўшанда орзу...
Қуриб қолди оқ сутининг булоғи энди,
Оқ шеърларим юрагимдан оқади равон...
Бирор лабда ариқ янғлиғ онам сутидай,
Шеърим оқсин дея орзу қиламан ҳамон...
Таниқли адиб Низом Қосим билан рус тилида суҳбатлашдик. У октябрда Тошкентга боришини, атоқли ўзбек ёзувчиси Нурали Қобулнинг роман-памфлетлари тақдимотида қатнашишини айтди.
– Мен сизга устозимиз, профессор Бобожон Ғафуровнинг “Тожикон” китобининг рус тилидаги нусхасини олиб бораман, – деди Низом Қосим. – Ҳозир адиблар иттифоқининг мажлислар залида тожик адабиётининг асосчиси ва шоири Рудакий туғилган кунга бағишлаб катта тадбир ўтказилади, унда албатта иштирок этинг.
Тожикларнинг буюк адиби ҳаёти ва ижоди тараннум этилган йиғилиш анча мазмунли бўлди. Тадбирни Тожикистон халқ шоири Камол Насрулло олиб борди. Улуғ шоир Рудакийнинг шеърларидан намуналар ўқишди. Рудакий мукофоти лауреати, таниқли эстрада хонандаси Далер Назаровнинг қўшиқлари юзлаб қалбларни забт этди.
Шундан сўнг Тожикистон халқ шоирлари ва олимлар Рустам Ваҳоб, Асқар Ҳаким, Ҳасан Султон, Хайрандеш ва бошқалар билан ёнма-ён ўтириб, улуғ шоир ҳаёти ва бой ижоди, тожик адабиётига қўшган ҳиссаси хусусида гурунглашдим. Рудакий Самарқанд яқинидаги Панжрудак қишлоғида туғилган. Йиғилишда сўзга чиққан Тожикистон халқ шоири Гулрухсор Сафиева Рудакий ижоди ҳақида гапирди.
Душанбе шаҳрида Тожикистон ҳукумати нашри “Халқ овози” газетаси редакциясида ҳам меҳмон бўлдим. Бош муҳаррир Ёқубжон Абдуманнонзода истеъдодли шоир Алишер Нарзуллаев билан Хўжанд педагогика институтида олдинма кейин ўқиганини, шоирга очиқ хат йўллаганлигини айтиб қолди. У “Ариқ бўйидаги райҳонлар” китобида ёзган қуйидаги сатрларни мутолаа қилган ҳар қандай инсон қалби ҳиссиётларга лиммо-лим бўлади, шоирга ҳурмати ошади.
“Дарахтдан учди бир япроқ,
дил ларзон бўлди,
Қаро тун бағрини йиртиб
мунгли бир азон бўлди.
Тириклик даштида юлдузли бул осмон,
Не кунким навбаҳорда бесаро сомон
бир фасли хазон бўлди
мисраларингиз дилимни ўртаб юборди. Ҳа, ўлим ҳақ. Бироқ йигитликнинг навқирон чоғидаги бевақт ажал... Эсласанг, нақд юрагинг ўпирилиб кетади.” Яратгувчи ҳам, олгувчи бу жонни, Ҳақ экан...” деб тўғри айтибсиз. Алишер, мен Хўжандни жуда соғиндим. Ҳар кеч тушларимга кириб чиқади бу азим шаҳар. Сирдарёни жуда соғиндим...
Сайхундарё гирдоблари тундек қоп-қора,
Ой тубига чўкар тунлар кўйлагин ечиб.
Севардимку сени, ахир сепкил юзли қиз,
Муҳаббатдан ўзлигимдан ўзимдан кечиб.
Мен қайтаман болаликнинг кўчаларига,
Хотиралар чанг йўлларда тирилар қайтиб.
Чиндан қайтармикан, Алишер? “Мардикор бозор ҳақида қўшиқ”ни ўқиб, Хўжанднинг узоқ қишлоқларида ғишт тўкиб қайтган талабадай чарчаб кетдим”
Юқоридаги сатрларни, дил розларини мутолаа қилган кишининг қалби ларзага келиши табиий. Дилинг тубида ҳиссиётлар чарх уради.
“Халқ овози” газетаси ўзбек тилида, саккиз мингга яқин нусхада чоп этилади. Унда ижтимоий-иқтисодий соҳалардан ташқари маънавият, маърифат, адабиёт ва санъат мавзуларини ёритишга жиддий эътибор билан қаралади. Тожикистонда эса ўзбек тилида ижод қилаётган шоир ва адиблар оз эмас. Айниқса, Султон Чори, Ҳасан Эрбобоев, Ҳаким Зокир, Абдулвоҳид Алматов, Имомқул Эшмуродов, Искандар Маҳмадалиев, Темурмалик Хўжандий, Файзулла Абдулазизов, Ҳасан Бердиқулов ва бошқа ўнлаб ижодкорларнинг шеър ва ҳикоялари шу нашрда эълон қилинаётгани диққатга сазовордир.
Яқинда Дўрмон ижод уйига юқорида номлари тилга олинган тожикистонлик ижодкорлардан тўрт нафари хурсанд ҳолда келишди. Улар Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси бўлишгани тожик ва ўзбек халқларининг дўстлиги намунасидир.
Шу йилнинг августида Тошкентда тожик тилида нашр этилаётган “Овози тожик” газетаси юз ёшга тўлди.Буни қарангки, Ўзбекистон республикаси ташкил этилган кундан бошлаб юртимизда тожик тилида ҳам газета чоп этилгани икки халқнинг дўстлиги ёрқин ифодасидир.
Энди айрим таклифлар ҳам йўқ эмас. Тожикистонда ўзбек адабиёти ва санъати, Ўзбекистонда тожик адабиёти ва санъати декадалари доимий равишда ўтказилиб турилса иккала халқ дўстлиги ва адабий алоқалари янада мустаҳкамланишига катта ҳисса қўшилган бўлур эди.
Жовли Хушбоқ,
ЎзА мухбири