“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан “Факторинг бозори ва уни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Унда банк масъул ходимлари, тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманда сўзга чиққан банк мутасаддилари томонидан сўнги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан банк секторида тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Натижада, аҳолига таклиф этилаётган банк хизматлари сони ва сифати ортиб, замонавий, қулай, оммабоп ва жозибадор хизматлар борасида соғлом рақобат муҳити юзага келди.
Мазкур жараёнда “Бизнесни ривожлантириш банки” ўз қадриятлари ва тажрибасига таянган ҳолда янги шароитга тезкор мослашиб, ушбу рақобатда нафақат ўз нуфузини сақлаб қолиш билан бирга, муайян йўналишларда бошқа молия муассасаларига намуна бўлмоқда.
– Банк мижозлар учун янги ва ўзига хос хизматлар таклиф этиш ҳамда уларни сифат ва сон жиҳатдан ошириб боришга жиддий эътибор қаратмоқда, – дейди “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Қарши БХО бошқарувчи ўринбосари Камол Айтматов. – Жумладан, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 августда қабул қилинган фармонига мувофиқ мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштиришнинг кўчар активларга асосланган инструментларини ривожлантириш орқали кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш имкониятларини янада ошириш мақсадида факторинг хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда мазкур хизматдан мижозлар фаол фойдаланмоқда.
Матбуот анжуманида ушбу хизматнинг миллий иқтисодиётимиз учун тутган ўрни ва амалий аҳамияти, банк томонидан таклиф этилаётган факторинг хизматининг ўзига хослиги ҳақида ОАВ вакиллари ҳамда тадбиркорларга атрофлича маълумот берилди.
Қайд этилишича, факторинг, фактор-агент, оддий ва содда қилиб айтадиган бўлсак “молиявий воситачи” ҳисобланади. Факторинг операцияси – тўлов муддати кечиктириш шартлари асосида савдо фаолияти билан шуғулланувчи ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи, маҳсулот етказиб берувчиларга кўрсатиладиган молиявий хизматлар мажмуидир.
– Факторинг бу – пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаштириш хизмати ҳисобланади, — дейди “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Қарши БХО бошқарувчи ўринбосари Фаррух Қўзиев. – Факторингни молия агенти сифатида банклар ва бошқа кредит ташкилотлари тузиши мумкин. Факторинг – хўжалик юритувчи субъектлар (етказиб берувчилар)ни молиялашга доир банк хизматларининг бир тури бўлиб, бунда улар банк (молия агенти)га, етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар учун тўловчилар томонидан акцептланган, лекин тўлов талабномалари бўйича ҳақи тўланмаган тўловни, регресс ҳуқуқисиз олиш ҳуқуқини беради. Факторинг хизматлари қулайликларига тўхталадиган бўлсак, етказиб берувчи тадбиркор учун гаров таъминоти талаб қилинмайди. Тадбиркорларнинг айланма маблағлари узлуксизлиги таъминланади. Энг муҳими, ишлаб чиқариш циклининг узлуксизлиги таъминланади. Банк учун эса, мижозлар базаси ошади.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, ташқи савдо операцияларида факторингни ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланмоқда. Резидент факторинг компанияси экспорт контракти бўйича валюта маблағларини олувчи сифатида киритилади. Норезидент факторинг компаниясидан маблағ келиб тушганда, экспорт амалга оширилган ҳисобланади. Амалда маблағлар экспорт қилувчига бевосита хорижий контрагентдан келиб тушиши лозим. Факторинг дисконти (10%гача) дебитор қарздорлик сифатида ҳисобга олинмайди. Маҳаллий факторинг компанияси маблағларни миллий валютада берганда, экспорт қилувчилар учун солиқ имтиёзлари сақлаб қолинади. Қўшилган қиймат солиғининг “0” ставкаси қўлланилади, фойда солиғи базаси экспорт суммасига камайтирилади.
Шунингдек, матбуот анжуманида банк мутахассислари томонидан ўтказилган “REVERSE FACTORING” ва “REGULAR FACTORING” мавзусидаги тақдимотлар иштирокчиларнинг факторинг хизматлари ҳақидаги тушунчаларини янада оширишга хизмат қилди.
Бундан ташқари, банк томонидан кўрсатилаётган бошқа хизматлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА