Шу йилнинг 2 ноябрь куни Бойсун туманида анъанавий “Олма сайли” фестивали бўлиб ўтади.
Мафтункор, гўзал табиати, осмонўпар тоғлари, мўътадил об-ҳавоси, шифобахш гиёҳ ва сувлари, тарихий ёдгорликлари, миллий қадриятлари дунё сайёҳларининг ҳайратини ошириб келаётган Бойсун болдек ширин мевалари билан ҳам шуҳрат қозонган. Бу гўшанинг қадимдан “Бойсун” навли олмаси ширин таъми ва серсувлиги билан харидоргир бўлган.
Мамлакатимизда кейинги йилларда боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор маҳаллий навли олмалар қаторида Крепсон, Симиренко, Голден, Карлик каби кўплаб турдаги серҳосил олма етиштиришга қизиқишни оширди. Айниқса, туманнинг тоғлар қўйнидаги Дуоба, Хўжаидод, Ўрмончи, Мачай, Дарбанд, Авлод каби маҳаллаларида етиштирилган олмалар мўътадил қуёш нурига тўйингани ва сервитаминлиги билан мамлакатимиздан ташқарида ҳам ўз харидорларини топган.
Туманда яқин йиллардан буён мева пишиқчилигида ўтказиш ажойиб анъанага айланган фестиваль дастуридан олма сайли, туристик манзилларга инфо-тур, савдо кўргазмалари ташкил этиш, машҳур Омонхона шифобахш суви жойлашган ҳудудда туризм қишлоғининг тантанали очилиш маросимини ўтказиш мўлжалланмоқда.
Бойсуннинг болдек ширин мевалари намойиш этиладиган фестивалга узоқ-яқиндан келган меҳмонлар тоғлар қўйнида етиштирилган сархил олма ва бошқа меваларни татиб кўриб, уларнинг инсон организмига фойдаси ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлади. Соҳибкорлар ўртасида ташкил этилган олма етиштиришда “Энг фаол маҳалла”, “Энг фаол ташкилот”, “Энг ширин олма боғи яратувчиси” каби танловлар ғолиблари аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланади. Фольклор жамоалари ва эстрада хонандаларининг қизиқарли концерт дастури намойиш этилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири