Бугун юртимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови ўтмоқда. Унда, ногиронлиги бор шахсларнинг мамлакат келажаги учун муҳим бўлган сиёсий жараёнларда фаол иштироки катта аҳамиятга эга. Шу мақсадда, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан 18 ёшдан ошган, овоз бериш лаёқатига эга бўлган ногиронлиги бор шахсларнинг рўйхати Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилган.
Хусусан, Тошкент вилоятида ҳозир 62 минг 212 нафар ногиронлиги бор шахслар овоз бермоқда. Шундан 8 минг 375 нафари овоз беришда кўмакка муҳтож шахслар, 1 минг 430 нафари ўзгалар парваришига муҳтож шахслардир.

Ногиронлиги бор шахсларнинг сайлов участкаларида мустақил ҳаракатланишида инклюзивликни таъминлаш учун жойларда бир қатор қулайликлар яратилди. Жумладан, уйда овоз берувчи шахслар учун сайлов комиссияси аъзолари томонидан яшаш манзилига борган ҳолда овоз бериш имкони яратилди. Айниқса, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун гавжум жойларда бепул транспорт қатнови йўлга қўйилди.

Сайлов участкасига эса мустақил борувчи шахслар учун алоҳида жиҳозланган яширин овоз берувчи кабиналар ўрнатилди. Қолаверса, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан сайлов участкаларини биноларнинг биринчи қаватида жойлашганига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Ангрен шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳудуддаги сайлов участкаларига ижтимоий ходимларини бириктирган ҳолда ногиронлиги бўлган шахслар ва якка-ёлғиз кексаларни муносиб иштирок этишларида кўмаклашилди. Сайлов участкаларида махсус йўлакчалар, Брайль алифбосидаги бюллетенлар ва номзодларнинг тарғибот дастурлари, кўчма қутилардан фойдаланилди. Бу жараёнларда волонтёрлар ҳам фаол фаол иштирок этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.