
Демократик жамиятда фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, халқнинг фикрларини ўрганиш, улар билан маслаҳатлашиш муҳим.
Айниқса, қонунлар қабул қилиш ва муҳим ташаббусларни илгари суриш жараёнларида аҳолининг фаол иштироки тараққиётга хизмат қилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови қизғин паллага кирди. Мавзу юзасидан “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг фикрлари билан қизиқдик.
– Сайловлар халқнинг давлат бошқарувидаги иштироки таъминланадиган асосий механизмлардан биридир, – дейди Э.Туляков. – Сайлов орқали фуқаролар ўз фикрларини эркин ифода этиш, конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятига эга бўлади. Демократиянинг асосий талабларидан бири ҳам айнан сайловлардаги фуқаролар иштироки бўлиб, улар орқали мамлакатнинг келажагини белгилайдиган шахсларни танлаш имконияти туғилади.
Сўнгги Конституциявий ислоҳотлар натижасида депутатлик мақоми, ваколатлари ва таъсир доираси оширилди, бу эса депутатликка сайланишни янада жозибадор қилди. Шунингдек, жорий этилган аралаш сайлов тизими партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириб, демократия асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу тизим ҳар бир партиянинг турли қатламлар манфаатларини ифодалайдиган номзодларни илгари суришига ёрдам беради.
Инклюзивлик орқали жамиятнинг кенг қатламларини қамраб олиш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга эришилади. Бундай жараёнлар демократик жамият қуриш ва аҳоли манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
2024 йилги сайловлар Ўзбекистон учун демократик ютуқларни мустаҳкамлаш, сиёсий тизимни модернизация қилиш ва барқарор ривожланишга йўналтирилган янги қадамдир. Ушбу сайловлар мамлакатимизда демократик қадриятларни янада мустаҳкамлаб, Ўзбекистоннинг келгуси тараққиётига кенг йўл очиши кутилмоқда. Шу боис, барчамиз сайловларда фаол иштирок этиб, ўзимиз маъқул кўрган номзодга овоз беришимиз лозим.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ
ёзиб олди.