
Ўзбекистонда демократик тамойилларни мустаҳкамловчи ислоҳотлар давом этмоқда. Буни бугун бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайловлар ҳам яққол кўрсатди. Парламент сайловлари илк бор аралаш мажоритар, пропорционал тизим асосида ўтказилмоқда.
Фарғона вилоятидаги 1210 та сайлов участкасининг барчаси эрталаб соат 8 дан бошлаб конституцион сайлаш хуқуқига эга фуқаролар билан гавжум бўлди. Улар мазкур сайловнинг аввалгилардан фарқини тушунган ҳолда ўз танловларини ифода этишди.

Фарғона шаҳридаги 88 - сайлов участкасида ҳозирлик ишлари юксак даражада адо этилди. Хатлов, сайловчилар тегишли ҳуқуқлари ва партия ҳамда номзодларнинг дастурлари билан оффлайн ҳамда онлайн танишиш имкони яратилди.


–2750 та сайловчи бор. Уларнинг 275 нафари аввалдан овоз бериш ҳуқуқларидан фойдаланди, – дейди 88 - сайлов учаткаси раиси Ҳусанбой Худойберганов. – Сайловга қадар партияларнинг вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Депутатликка номзодлар билан уларнинг дастурлари юзасидан мулоқотлар ташкил этдик. Биз биринчи бор овоз бераётган ёшлар билан алоҳида ишладик. Сайлов қонунчилиги ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди.


Дархақиқат, ким билан суҳбатлашманг, бу галги сайловларда ҳар бир овоз ўз қимматига эга экани, энди партияларнинг парламентдаги фракциялари шаклланишига сайловчининг бевосита иштироки борлиги қувонтиряпти. Буни сайлов участкаларида бўлган халқаро кузатувчилар ҳам алохида таъкидламоқда. Миср Араб Республикаси сенатори Эмад Элдин Муҳаммаднинг айтишича, Ўзбекистон иқтисодий соҳалардагина эмас, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлари туфайли ҳам Осиёнинг етакчи давлатлари қаторига кўтарилмоқда. Овоз беришдаги эркинлик, сайловчиларининг фаоллиги, сайловолди партия дебатлари – буларнинг ҳаммаси халқаро талаблар, мезонларга тўлиғича мос равишда ўтяпти, дейиш мумкин.


–Мен бир неча мамлакатларда президент ва парламент сайловларида кузатувчи бўлганман, – дейди россиялик халқаро кузатувчи Наталия Задубровская. –Ўзбекистондаги парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар чоғи эса мен халқ ўз қарори ва муносабатини эмин-эркин ифода этаётганини, аммо шарқона одоб уфуриб турганини кўряпман. Ишонч билан айтаманки, бу жараён эркин сайлов талабларига мосдир.
Фарғона вилояти сайлов участкаларига хос жиҳатлардан бири ахолининг фаоллиги, мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеликка масъулият билан ёндашувдир.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OtmkoRtZOeo" title="Saylovlar demokratik tamoyillar asosida oʻtmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Мазкур 88 - сайлов участкасида Фарғона вилояти хокими Хайрулло Бозаров ҳам овоз берди.
Сайлов участкаларида овоз бериш давом этмоқда.
Муҳаммаджон Обидов,Элёр Олимов (сурат,видео),
ЎзА мухбирлари