“Йилнинг энг яхши ахборот-кутубхона мутахассиси” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларида “INFOLIB OʻZBEKISTON-2024” XIII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги муваффақиятли ўтказилмоқда.
Ҳафталик доирасида ўттиздан зиёд маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши диққатга сазовор. Жумладан, “Йилнинг энг яхши ахборот-кутубхона мутахассиси” кўрик-танловининг республика босқичи ҳам юқори савияда ўтказилди. Мазкур танлов кутубхона соҳаси ходимлари учун ўзига хос фикр алмашиш майдони бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда Миллий кутубхонада ўтказилган танловда биринчиликни эгаллаган ахборот-кутубхона мутахассислари 6 та шарт асосида ғолиблик учун билим ва тажрибаларини синашди.
Янгича инновацион ёндашувлар, китоб тарғиботи, китобхонлар билан ишлаш, замонавий кутубхоначилик билимларини тест синовларида текшириш каби шартларда беллашган иштирокчилар орасидан республиканинг энг яхши ахборот-кутубхоначисини танлаш ҳакамлар ҳайъатига осон бўлмади.

Қизғин ва муросасиз ўтган танловда ғолиблар аниқланди:
1-ўрин – Навоий вилоятидан Сурайё Равшановага, 2-ўрин – Самарқанд вилоятидан Нилуфар Инатуллаевага, 3-ўрин Тошкент вилоятидан Гўзал Расуловага берилди.

Ғолиблар сертификат ва пул мукофоти билан тақдирланди.
Айтиш керакки, танловнинг республика босқичида 1-,2-,3-ўринни эгаллаган ахборот-кутубхона мутахассислари 2025 йил давомида қўшимча равишда моддий рағбатлантирилади.
Н.Усмонова,
ЎзА