Педагоглар касб маҳоратини оширишга масъул институт қандай бўлиши лозим?
Президент ташрифидан сўнг...
Бу даргоҳ кутиб ўтирувчи эмас, тарғиботчи, етакчи бўлиши керак. Ҳудудлардаги ўқитувчи ва директорларни кўпроқ таклиф этиб, барча мактабларда сифатни ошириш зарур. Янги замон кишиси, келажагимиз бунёдкорлари мактабда тарбияланади. Таълимсиз келажак йўқ...
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бу қатъий чорловни 30 сентябрь куни Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтида таъкидлаган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 июнда қабул қилинган “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бу муассаса ҳар жиҳатдан янгиланди.
Президент институтига ташриф буюриб, шароитлар билан танишди. Соҳа вакиллари билан суҳбатлашди.
Ўқитувчиларнинг билим ва маҳорати мамлакат тараққиётини кафолатловчи омил экан, бу соҳага йўналтирилган сармоя бесамар кетмайди.
Институт тўқсон йиллик тарихга эга. Масъуллар билан суҳбатлашар эканмиз ўтган даврда бу ерда ҳеч қачон бунчалик катта ўзгаришлар бўлмаганини айтишади.

Дарҳақиқат, қисқа муддатда мавжуд мажмуа капитал таъмирланди. Иккита қўшимча бино қурилиб, уларнинг барчаси замонавий жиҳозланди. Тингловчилар ўрни, таълим йўналишлари сони ортди. Малака тизими эса замонга мос тарзда мазмунан бойиди.
– Олдин бу ерда малака ошириш фақат мактаб директорлари учун йўлга қўйилган эди, – дейди Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти директори Абдували Исмоилов. – Энди ўқитувчиларнинг ҳам маҳоратини оширишга масъул муассасага айландик. Шу билан бирга ҳудудлардаги педагогик маҳорат мактаблари учун ўқув-методик, илмий жиҳатдан раҳбарлик қилиш ваколати ҳам берилди. Бу эса масъулиятимизни янада оширади. Йилига 11 минг 300 нафардан ортиқ тингловчини жалб қилиш имконига эгамиз. Энг муҳими, бу ишлар учун барча шароит яратиб берилди. Бизда малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг анъанавий, муқобил ҳамда дуал шакллари асосида ўқитиш жорий этилган. Ситуацион ўқув хонаси жойлардаги педагогик маҳорат марказлари билан видеоалоқа орқали уланган. Узлуксиз касбий таълим, менежерлик ўқув курслари, педагогларни аттестациядан ўтказиш ва малака тоифасини бериш, мактабгача ва мактаб таълимини бошқариш каби дастурий платформалар жорий этилган.
Институтда инклюзив таълим ва психолог хоналари ҳам ташкил этилган. Бу ерда эса шу йўналишда ишлайдиган дефектолог ва тарбиячиларнинг малакаси оширилади. “STEM” лабораториясида аниқ ва табиий фанлар ўқитувчилари учун замонавий ўқув қўлланмалари мавжуд.
– Мамлакатимизда ўттиз етти мингдан зиёд болалар боғчаси, ўн мингдан ортиқ мактаб бор, – дейди мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов. – Ҳар йили яна янгилари қуриляпти. Уларда фаолият олиб бораётган соҳа ходимларининг малакасини ошириб бориш жуда муҳим. Бу қилинаётган ишларнинг эртага қанчалик натижадор бўлишини кафолатлайди. Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлади, деб бежиз айтишмайди. Бу ерда моддий-техник база билан биргаликда, бошқа масалалар ҳам ҳал этилган. Масалан, қарийб тўқсон мингта китоб фондига эга ахборот-ресурс маркази ишлаб турибди. Малака оширувчиларга муносиб шароит яратиш мақсадида ётоқхона замонавий таъмирланди.
Тарихга назар ташлаб, ютуқ ва камчиликлардан хулоса қилиб, олдинга бориш яхши иш. Шу жиҳат инобатга олиниб институтда музей ташкил этилди. Бу ерда жадид боболаримизнинг илм-фанга эътибори, ўша даврдаги дарсликлар ва умумий таълимнинг ривожланиш босқичлари акс этган. Илгари бу экспонатлар тарқоқ – у-бу жойда, кўздан панада сақланар эди. Бугун ҳар бир буюм тарихдан хулоса олишга хизмат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда педагоглар касб маҳоратини оширишга масъул институтда барча имкониятлар яратилди. Холисона айтганда эса энди фақат ёниб, фидойилик билан ишлаш керак.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири