
Маълумки, фискал мултипликатор давлат харажатлари ва даромадлар ўзгариши натижасида иқтисодиётда яратиладиган қиймат қанчага ўзгаришини аниқлаб беради. Ушбу кўрсаткич солиқ-бюджет сиёсатининг самарадорлигини баҳолашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Достонбек Жалилов билан суҳбатимиз фискал мултипликатор кўрсаткичининг мамлакат иқтисодиётидаги таъсири хусусида бўлди.
– Фискал мултипликатор нима ва унинг иқтисодиёт учун аҳамияти қай даражада муҳим?
– Фискал мултипликатор илмий тушунча ҳисобланади.
Яъни, иқтисодиётда фискал мултипликатор – давлат харажатларининг ўзгариши натижасида миллий даромаднинг ўзгариш нисбатидир. Мамлакат иқтисодиётининг ўсиши ёки бу жараёндаги таъсирларни таҳлил қилишда муҳим ўрин тутади. Оддийроқ тушунтирганда, фискал мултипликатор кўрсаткичи солиқ-бюджет сиёсатининг самарадорлигини баҳолашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, давлатнинг даромад ва харажатлар йўналишида олиб борадиган сиёсатни юритишда қўл келади.
Шу ўринда, Ўзбекистон иқтисодиёти учун фискал мултипликатор кўрсаткичи ҳақида тўхталсак. Таҳлилга кўра, 2023 йилда Ўзбекистон учун фискал мултипликатор 1,34 бирликни ташкил қилган.
Ушбу кўрсаткич давлат харажатларининг 1 триллион сўмга оширилиши натижасида иқтисодиётда 1,34 триллион сўмгача бўлган миқдорда қўшилган қиймат яратилиши мумкинлигини англатади.
– Бу жараёнда режалаштирилаётган дастурлардан қандай натижалар кутилади?
– Албатта, бу каби дастурлардан катта натижалар кутилади. Дейлик, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони ижросини самарали таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Унга кўра, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси доирасида давлат бюджетидан 6,2 триллион сўм харажат қилиниши белгиланган.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида лойиҳаларни амалга ошириш орқали иқтисодиётда 8,31 триллион сўмгача бўлган қўшилган қиймат яратилиши мумкин. Бунда фискал мултипликатор натижасини инобатга олган ҳолда ана шундай самарага эришилади.
– Фискал мултипликаторнинг иқтисодиётга таъсирида импорт маҳсулотлар ўрнини қандай изоҳлайсиз?
– Умумий даромадларнинг маълум қисми импорт истеъмоли учун сарфланиши харажатлар занжирининг узилишига олиб келади. Бу эса харажатларнинг мултипликатив таъсирини пасайтиради.
Импорт маҳсулотлари ҳажми қисқа муддатда фискал мултипликаторнинг иқтисодиётга таъсирини камайтирса-да, узоқ муддатда технологияларнинг ривожланиши, рақобатнинг кучайиши ҳамда иқтисодиётда самарадорликнинг ошиши орқали мамлакатда реал ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига ва пировардида истеъмол товарлари импортининг камайишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича самарадорликнинг ошиши, аҳоли даромадларининг ортиши билан маҳаллий товар ва хизматларга талабнинг кўпайиши фискал мултипликаторнинг иқтисодиётга ижобий таъсири яхшиланади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.