
Куни кеча Қатар маданият вазири Шайх Абдулраҳмон бин Ҳамад Ал-Тани бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонида бўлди.
Қатар маданият вазири бу ердаги жараён билан танишиш чоғида ўзбек уламоларининг ислом тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси, улар томонидан яратилган бебаҳо асарлар ҳамда ҳозирги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан буюк аждодларимизнинг илмий, маърифий ва маданий меросини асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва ўрганиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.

Марказ ахборот хизматининг хабарига кўра, делегация аъзоларида бино равоқларига миллий наққошлик услубида ёзилган оятлар, ҳадислар, Қуръон залига қўйилаётган пушти рангдаги табиий тошдан иборат безаклар, 70 жилдлик “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” китоб-альбомлари катта таассурот қолдирган.
Шундан сўнг вазир келгусида “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” китоб-альбомларининг Қатар давлатига бағишланган янги жилдини ва Қатар миллий кутубхонасининг нодир қўлёзмалар бошқармасида сақланаётган таниқли мутафаккирларимиз Имом Бухорий, Хоразмий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино ва Мирзо Улуғбек асарлари ҳамда темурийлар даврига оид манбалар ҳақида ҳамкорликда янги китоб-альбом чоп этиш таклифини билдирди.
Танишув якунида делегация аъзоларига “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” китоб-альбомлари тақдим этилди.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА