
Ватанимиз тарихидаги 13 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1398 йил (бундан 626 йил олдин) – Ҳиндистон юришига отланган Амир Темур қўшинлари Таламбашаҳри яқинида тўхтади (У Мўлтондан қарийб 100 километрча шимоли-шарқда, Рови дарёсининг чап соҳилида жойлашган шаҳар). Тарихчи Низомиддин Шомий ўз асарида бу шаҳарнинг номини Талмина шаклида қайд этган.
Тарихчи олим Люсьен Кэрэннинг маълумот беришича, Амир Темур дарёни кечиб ўтганидан сўнг биринчи бўлиб Таламба шаҳрини ишғол этган. Бу жараёнда у зоти шарифлар (пайғамбар авлодлари), аҳли илм ва уламога ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларнинг мол-мулкини ҳимоя остига олган.
1404 йил (бундан 620 йил олдин) – Амир Темур саройига ташриф буюрган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг ўз кундаликларида ёзишича, шу куни Соҳибқирон яна бир катта тўй бошлаб, унга элчиларни ҳам таклиф этди. Маросим ўтказилган жойдаги иккита саропарда элчининг эътиборини ўзига тортган. Элчилар шунингдек, Амир Темурнинг суюкли набираси Пирмуҳаммад ибн Жаҳонгир Мирзони табриклаш учун ҳам таклиф этилади. Соҳибқирон ўзи қарийб етти йил кўрмаган набирасини Самарқандга чақиртирган эди.
Амир Темур сидқидилдан яхши кўрган “йигирма икки ёшлардаги (аслида бу вақтда Пирмуҳаммад йигирма саккиз ёшда бўлган), соқоли унча ўсмаган, қорачадан келган” темурий шаҳзода Пирмуҳаммадни Клавихо шундай тасвирлайди: “Подшоҳнинг невараси Пирмуҳаммад миллий удумга биноан жуда яхши кийинган эди. Устида кўк беқасам яктак, яктакнинг икки елкаси, кўкраги ва енгларига биттадан зарҳал ҳалқа тикилган. Бошидаги қалпоғи йирик марварид ва қимматбаҳо тошлар билан безатилган, қалпоқнинг тепасига қадалган лаъл ёниб турарди. Ҳузурида ҳозир бўлган кишилар уни жуда тантанавор тарзда муборакбод этардилар”.
1920 йил (бундан 104 йил олдин) – Фарғона қизил армия гуруҳи инқилобий ҳарбий кенгаши (РВС) томонидан водийдаги қўрбошиларни террор йўли билан йўқотиш тадбирлари белгиланган 55-буйруқ қабул қилинди. Паскуцкий, Коновалов ва Бирюшев имзолаган ушбу буйруқда Фарғона водийсидаги 22 қўрбошининг боши учун катта миқдорда тўлов эълон килинади.
Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг ёзишича, Шермуҳаммадбек (15 000 рубл), Холхўжа Эшон (10 000 рубл), Парпи (7 000 рубл), Нурмат, Алиёрбек, Муҳиддинбек, Йўлчи, Раҳмонқул, Василий Донец (ҳар бири учун 5 000 рубл), Рўзимат, Мама Рўзи, Исроил, Аҳмад Полвон, Эшмат Бойвачча, Омон Оқсоқол, Ойбола (ҳар бири учун 3 000 рубл), Дехқон Бойвачча, Ёрбек (ҳар бири учун 1 500 рубл), Омон Полвон, Мирза Умар, Умарқул, Исломқул (ҳар бири учун 1 000 рубл) учун мукофот пули ажратилиб, бу маблағ истисно тариқасида кумуш рубл билан тўланиши таъкидланади. Ушбу ҳолат ҳам совет режими қанчалар шафқатсиз қатағончи, террорчилик сиёсатини олиб борганини яққол кўрсатади.
1934 йил (бундан 90 йил олдин) – Ўзбекистон Фанлар академияси ва Ёзувчилар қўмитасининг қўшма мажлиси бўлди. Унда Садриддин Айний ҳамда Абдурауф Фитрат форс-тожик шоири ва мутафаккири Абулқосим Фирдавсийнинг 1000 йиллик юбилейи муносабати билан унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маъруза қилди. Кечада Мақсуд Шайхзода ва Титов ўз таржималарида “Шоҳнома”дан парча ўқиди.
1938 йил (бундан 86 йил олдин) – Тошкентда СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда 42 маҳбус олий жазо – отувга ҳукм қилинди ва у ўша куниёқ ижро этилди. Бир куннинг ўзида яна 42 киши қатағон қурбонига айланди.
1958 йил (бундан 66 йил олдин) – Тошкентда 7 октябрда бошланган Осиё ва Африка мамлакатлари ёзувчиларининг Тошкент конференцияси ниҳоясига етди. “Тошкент руҳи” тушунчаси шундан кейин пайдо бўлган.
1985 йил (бундан 39 йил олдин) – Наманган сейсмоген зонасининг жануби-ғарбида жойлашган Қайроққум сув омбори ёнида зилзила содир бўлди. Зилзила кучи Бекободда 6–7 балл, Аштда 6 балл, Олмалиқда 5 балл, Исфара ва Қўқонда 3-4 балл билан сезилган.
1992 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилди.
1994 йил (бундан 30 йил олдин) – Тошкентда Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллигига бағишланган “Мирзо Улуғбек ва унинг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси” мавзусида Халқаро илмий конференция очилди.
1995 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш ҳақида меморандум қабул қилинди.
2008 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2009 йил (бундан 15 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 5 боб, 34 моддадан иборат.
2014 йил (бундан 10 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон тарихида биринчи марта уч йиллик муддатга, яъни 2021-2023 йилларга БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси этиб сайланди. Бу сайловларда Ўзбекистон энг кўп овоз олди – БМТга аъзо 193 давлатдан 169 таси мамлакатимизни ёқлаб овоз берди.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади.