
Тошкентда “Қатар маданияти, ҳунармандлиги ва миллий таомлари ҳафталиги” бошланди.
– Ушбу маданий тадбир Ўзбекистон ҳукумати томонидан фаол қўллаб-қувватлангани эътиборга молик, – дейди Қатар маданият вазири Шайх Абдурраҳмон бин Ҳамад Ол Соний. – Бундай юксак ишончдан биз жуда миннатдормиз. Шу билан бирга зиммамиздаги улкан масъулиятни ҳам ҳис этиб турибмиз.
Тантанали очилиш маросимида ушбу араб давлатининг ранг-баранг маданияти, жумладан санъати, номоддий маданий мероси намойиш этилмоқда, миллий мусиқа асбоблари, миниатюра ва бадиий, декоратив ҳамда амалий санъати намуналари, шунингдек гастрономик кўргазмалари ташкил этилган.

–Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси билан Қатар Амирлиги ўртасида аввал ҳеч қачон кузатилмаган энг юқори даражадаги маданий ҳамкорлик муносабати йўлга қўйилди, – деди мамлакатимиз маданият вазири Озодбек Назарбеков. – Хусусан, бизнинг соҳада ҳам ҳар икки томон учун фойдали қатор келишувларга эришилди. Шу йил 20-26 февраль кунлари Доҳада “Ўзбекистон маданияти, туризми ва ҳунармандлиги” кунлари муваффақият билан ўтказилди. Мана, бугун навбатдаги йирик қўшма тадбир бошланди. Умуман, юртимизда ташкил қилинаётган халқаро фестивалларда Қатар вакиллари мунтазам, фаол иштирок этмоқда. Энг муҳими, барча анжуманлар халқларимиз томонидан илиқ кутиб олиняпти. Икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилгани ҳам муносабатларимиз барқарор тус олишида муҳим омилдир. Борди-келди кескин ортаётгани, икки халқ янада жипслашаётгани яққол намоён.

Қатар маданияти, ҳунармандлиги ва миллий таомлари ҳафталигидан кўзланган асосий мақсад ушбу давлатнинг бой маданий мероси, мумтоз ва халқ амалий санъати, ижрочилик анъаналари, урф-одати ва маросимларини намойиш қилиш орқали ўзаро дўстликни янада мустаҳкамлашдан иборат.

– Ўзбекистонда илк бор Қатар маданияти кунлари ўтказилмоқда, – деди ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев. – Бундай анжуманлар икки дўст, биродар халқлар ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Қатар минтақадаги энг муҳим, истиқболли ҳамкорларимиздан бири. Бундай тадбирлар ҳар икки томон манфаатига хизмат қилади.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/kD8Pidkj4tU" title="Ozodbek Nazarbekov: Oʻzbekistonda oʻtkazilayotgan xalqaro festivallarda Qatar vakillari juda faol" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ҳафталик доирасида маданият вазирлари Шайх Абдурраҳмон бин Ҳамад Ол Соний ва Озодбек Назарбеков ўзаро учрашувда шериклик кўламини кенгайтириш мақсадида янги режаларни белгилаб олишди.
Тадбир доирасида Қатар санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилади.
Ҳафталик 14 октябрга қадар давом этади.
Муҳаррама Пирматова,
Аслиддин Алижонов, Анвархўжа Аҳмедов (сурат, видео), ЎзА