Юртимизда илк бор ташкил этилаётган Марказий Осиё университетлари форуми доирасида Самарқанд давлат университетида италиялик олим, ҳисоблаш физикасининг дунёга машҳур арбоби ва қора туйнукларнинг биринчи тасвирларини яратувчиларидан бири Луcиано Реззолла очиқ маъруза ўқиди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилган очиқ маърузада Луcиано Реззолла коинотнинг сирли ойнаси--қора туйнукнинг биринчи сурати бўйича ўз изланишлари ҳақида маълумот берди.
Учрашувда самарқандлик зиёлилар, талабалар, Президент мактаблари ўқитувчилари иштирок этди.
Профессор Луcиано Реззолла дунё рейтингида юқори ўринда турувчи Франкфуртдаги Гёте университети назарий физика кафедраси мудири ҳамда энг кучли профессорлардан бири бўлиб, унинг “Hirsh indeksi” 104 га тенг.
Марказий Осиё университетлари форумига нафақат Марказий Осиё, балки бошқа давлатлардан, жами 20 хорижий мамлакатдан 160 дан ортиқ қатнашчи келиши кутилмоқда.
Форум доирасида 12–15 октябрь кунлари ўтказилаётган “Марказий Осиёнинг маънавий ва интеллектуал уйғониши” номли таълим ҳафталигида жаҳон илм-фанида юксак мақомга эга яна бошқа олимларнинг очиқ маърузалари, улар билан учрашувлар ташкил этилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири