
Маърифатпарвар боболаримиз она тили, таълим ривожига катта эътибор қаратганлар. Зеро, айни жиҳатлар қолоқликка барҳам беришда, миллатни ёруғликка олиб чиқишда, юрт тараққиётида устувор аҳамият касб этган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори Дилноза ЖАМОЛОВА билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Президентимиз томонидан Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳага оид долзарб масалалар атрофлича муҳокама этилгани, жадидларнинг пешқадам вакилларидан бўлган Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти янги биносининг очилиши жараёнида ўқитувчилар билан мулоқоти хусусида Сизнинг фикрларингизни билмоқчи эдик.
– Юртимизда ҳар йили Ўқитувчи ва мураббийлар куни тантанали нишонланиб келмоқда. Айниқса, 2017 йилдан бу умуммиллий байрамнинг мазмун-моҳияти тубдан ўзгарди. Ўқитувчилар байрамни пахта даласида эмас, юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилган ҳолда муносиб жойларда нишонлаш бахтига муяссар бўлди. 2024 йил 30 сентябрь куни Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Тошкент шаҳрида тантанали маросим бўлиб ўтди ва ушбу тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев сўзининг бошида барча таълим-тарбия ходимларини байрам билан самимий табриклаб, халқимизнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромини етказдилар. Таълим жараёнидаги энг долзарб масала – мактаб эканини таъкидлаб, мактаб ўқитувчиларининг миллат фарзандларини тарбиялашдек жасоратларини эътироф этдилар. Замонавий мактаблар қуриш, сифатли таълим беришни йўлга қўйиш, ўқитувчиликни жамиятда энг обрўли касблар қаторига олиб чиқишни маълум қилдилар.
Шу куни буюк жадид бобомиз Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институтининг янги биносини ҳам бориб кўрдилар ва бу институтнинг фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича қимматли фикрларини тақдим қилдилар. Бу ишларнинг барчасига шундай таъриф бериш мумкин: давлатимиз раҳбари шу миллат учун жонини фидо қилган, таълим соҳасида ўзгаришлар қилиб, янги мактаблар очган, аммо босқинчи ҳукуматнинг зулмкор сиёсати туфайли уларнинг давомийлигини сақлаб қололмаган жадид боболаримизнинг армонларини юзага чиқарувчиси, уларнинг орзуларини амалга оширувчисидирлар.
– Кейинги йилларда ҳар йили октябрь ойининг бошида мамлакатимиз зиёлилари, олим ва ижодкорлари томонидан тараққийпарвар боболаримизнинг табаррук хотираси ёдга олиниши савобли анъанага айланган. Буни қандай изоҳлаган бўлар эдингиз?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 июлдаги “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини Қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида ўтказиш кўзда тутилган. Бунга кўплаб вазирликлар, агентликлар ва давлат идоралари масъул қилиб белгилаб қўйилди. Шу ўринда айтишим керакки, Тарих институтида 2021 йилдан бошлаб институт директори, академик Азамат Зиё бошчилигида ушбу ҳафталик доирасида турли тадбирлар, илмий йиғинлар ўтказиш анъанага айланиб улгурган. 2024 йил 7 октябрь куни жадидчилик ва қатағон тарихи масалаларига бағишланган “Қарамлик, миллат ва қатағон” 3-умуммиллий йиғинимиз бўлиб ўтади. Унда институт олимлари сўнгги тадқиқотлари асосида ушбу масалаларни ёритиб берувчи маърузалари билан қатнашадилар. Бундан ташқари, йиғинимизга Абдулҳамид Чўлпон, Ғози Юнус, Абдулла Қодирий, Пўлат Солиев ва бошқа қатағон бўлган жадидларимизнинг авлодлари ҳам таклиф қилинган бўлиб, уларнинг боболари ҳақидаги хотираларини ҳам тинглаймиз.
– Жадид боболаримиз фаолиятида она тилимизга, миллий адабиётимизга эътибор муҳим йўналишлардан саналган. Шу ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдик.
– Жадид боболаримиз қандай ишга қўл урмасинлар, унда миллат, халқ ва Ватан тақдири биринчи ўринда турган. Улар она тилимизнинг жонкуярлари, миллий адабиётимизни ривожлантириш ташаббускорлари эдилар.
Ўзбек тили гўзал ва бой тил эканини буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий олти аср олдин бутун дунёга танитган эди. Аммо кейинги юз йилликларда араб ва форс тилларида ижод қилиш кўлами кенгайиб, ўзбек тили иккинчи даражали тилга айланиб қолди. Мактабларда ва мадрасаларда ҳам ўзбек тили фан сифатида ўқитилмади. Бу эса тилимизни жар ёқасига келтириб қўйди. Фақатгина 20-юз йиллик бошларига келиб, ўзбек тилининг Алишер Навоий давридагидек мавқеини тиклашни жадидлар ўз зиммаларига олдилар ва бу йўлда бир қатор ишларни амалга оширдилар. Ўзбек тилининг мавқеини тиклаш, уни давлат тили даражасига кўтариш учун ҳаракат қилдилар.
Жадидлар форс, араб, рус ва бошқа тилларни ўрганиш давр талаби эканини қайд қилиб, ёшларни тил ўрганишга даъват қилганлар. Аммо дастлаб ўз она тилини билиши кераклигини таъкидлаб, ўз тилини яхши билмаган бошқа тилни ҳам яхши ўргана олмайди, деб ҳисоблаганлар. Янги усул мактабларида ўзбек тилида ўқитишни кенг жорий қилдилар. Форс ва араб тилидаги дарсликлар ўрнини ўзбек тилидаги ўқув қўлланма ҳамда дарсликлар билан босқичма – босқич тўлдириб бордилар.
Жадидлар ўз мақсад ва ғоялари тарғиботчиси бўлган даврий матбуотнинг ҳам ўзбек тилида бўлишини таъминлашга интилдилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий газета ва журналларнинг ўзбек тилида юритилиши зарурати ҳақида “Туркчанинг шўъба ва шохлари бўлган ўзбек-чиғатой, татар, озарбойжон, қозоқ ва туркман лаҳжалариндаги янги матбуотнинг энг аҳамиятлик масалаларидан бири, албатта, шева, лаҳжа, имло масалаларидур”, деб таъкидлади. Гарчи ўзи “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналини ўзбек ҳамда тожик тилларида чоп этсада, Туркистон аҳолисининг катта қисми туркий тилда гаплашишини инобатга олган ҳолда матбуотнинг ўзбек тилида юритилишини қўллаб-қувватлади.
1919 йили Абдурауф Фитрат Тошкент шаҳрида “Чиғатой гурунги”га асос солади. Бу ташкилотнинг олдида турган муҳим вазифалардан бири ўзбек тилининг дунё тиллари орасидаги юқори мавқеини кўрсатиб бериш эди. “Чиғатой гурунги” аъзолари 10-юз йилликлардаёқ ёзилган Маҳмуд Қошғарий ва Юсуф Хос Ҳожиб асарларини Туркистонинг турли ҳудудларидан излаб, унинг турли даврларда ёзилган нусхаларини топишди. “Девони луғотит турк” ва “Қутадғу билиг” асарларини таҳлил қилиш орқали ўн бир аср олдин ўзбек тили мукаммал, илмий ва адабий тил эканини кўрсатиб беришди.
Жадидлар орасида сиёсатчилар, иқтисодчилар, санъат ходимлари, тарихчилар, ўқитувчилар билан бир қаторда адабиёт намояндалари ҳам бор эдилар. Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Ҳожи Муин, Маҳмуд Ҳодиев (Боту) ва бошқа кўплаб жадидлар адиб, шоир, драматурглар ҳам эдилар. Улар яратган шеърлар, драмалар ва романларда давлат ва жамият ҳаёти, миллий озодлик, ўзбек халқининг ўзлиги, тарихи ва турмушидаги муаммолар очиб берилди. Бу асарлар яратилганига 100 ва ундан ортиқ йил бўлса ҳам бугун ўз қийматини йўқотмаган. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романлари, Абдурауф Фитрат шеърларини севиб ўқиймиз, таҳлил этамиз, мушоҳада қиламиз.
Жадидлар ўз замонасининг буюклари эди. Аммо мустамлакасидан маҳрум бўлишни ҳеч қачон истамайдиган босқинчи Россия империясига ўз сиёсатини юритишига доимий равишда “халақит” берувчилар керак эмас эди. Шунинг учун улар жисмонан йўқ қилиб юборилди, халқимиз эса уларни унутишга мажбур қилинди.
– Таълим, тил ва адабиёт йўналишида фаолият олиб борган жадид боболаримиз ҳаётини ўрганиш юзасидан қандай тадқиқотлар олиб борилмоқда?
– Бугунги кунда жадидчилик тарихини ўрганишга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратиляпти. Уларнинг ҳаёти, фаолияти, илмий меросини ўрганиш тарихчилар олдида турган муҳим вазифалардан биридир. ФА Тарих институтида жадидчилик тарихи масалалари Қаҳрамон Ражабов, Абдували Йўлдошев, Гулмира Очилова, Асадулло Ҳасанов, Далер Мирзаев, Маҳмуда Ғойибназаровалар томонидан жиддий тадқиқ қилинмоқда. Шу ўринда қайд этиш керакки, “Туркистон мухторияти” изоҳли-ҳужжатлар тўпламини чоп этиш арафасида турибмиз. Жадидларнинг тил-имло масалаларига оид матбуот саҳифаларида эълон қилинган мақолаларини тўплаб, уларнинг ҳам изоҳли-тўпламини тайёрлаш устида ишлаяпмиз.
Республика олий таълим муассасаларида ҳам жадидчилик тарихи масалалари кенг тадқиқ қилинмоқда, жумладан, Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий каби жадид йўлбошчиларининг ҳаёти, фаолияти ва илмий мероси алоҳида тадқиқ қилинмоқда. Нафақат тарихчилар, балки тилшунослар, адабиётшунослар, иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар, педагоглар, файласуфлар ҳам жадидчилик масалаларини ўрганмоқдалар. Тилшунослар ва адабиётшунослар жадидларнинг тил ва адабиёт йўналишидаги фаолиятини чуқур таҳлил қилаётган бўлсалар, педагоглар таълим соҳасидаги хизматларини очиб бермоқдалар.
– Қизиқарли суҳбат учун ташаккур!
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири