
-
“Нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот билимда!”
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти.
Ўқитувчи – келажак авлодни тарбияловчи, ёшларга билим берувчи, ахлоқий қоидаларни ўргатувчи улуғ касб эгаси. Инсон дунёга келибдики, илм уммони ирмоқларида сузиб, ўз шахси камолоти учун ҳаракат қилади. Ушбу машаққатли йўлда устоз аталмиш буюк зот ўзидаги бор билимини бошқаларга илинади. Тўплаган тажрибаси, кўникма ва маҳорати, вақти, соғлиғи, борингки, ҳеч нимасини аямайди – шогирдининг ўсиб-улғайиши, илм-фан, касб-ҳунар, мансаб-мартаба поғоналаридан юксалиши учун сарфлайди.
1994 йилдан буён 5 октябрь YUNESCO томонидан дунё миқиёсида Жаҳон ўқитувчилар куни сифатида нишонланади. Байрамнинг бу йилги “Таълим берувчилар овозини юксалтириш: Янги ижтимоий аҳдлашув томон” деган шиори таълим тизимидаги муаммолар, ўқитувчилик мақомини қадрлаш, нуфузини янада оширишни назарда тутади. Бу кунни кенг нишонлайдиган 100 дан ортиқ давлатда ўқитувчининг инсоният ҳаёти ва жаҳон тараққиётидаги ўрни яна бир бор таъкидланади, уларнинг меҳнат шароитини яхшилаш, ҳуқуқини ҳимоя қилиш зарурлиги эътироф этилади.
YUNESCO ўқитувчининг таълим бериш жараёнидаги ҳал қилувчи ролини алоҳида уқтирган ҳолда, унинг овози, жамиятдаги аҳамиятини эътиборга олиш орқали глобал таълим тизимини янги босқичга кўтаришдаги машаққатли мехнатини ардоқлашга чақиради.
“UNESCO-Hamdan” соврини мутасаддилари йилнинг энг яхши ўқитувчиларини аниқлайди. Ушбу мукофот таълимдаги алоҳида хизматни эътироф этиш ҳамда ривожланишни қўллаб-қувватлашни назарда тутади.
1996 йил 27 декабрда “Ўқитувчи ва мураббийлар кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган. Шундан буён мамлакатимизда 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами сифатида тантана қилинади. Шу куни ўқитувчи ва мураббийларнинг жамият тараққиётидаги муҳим роли эътироф этилиб, уларнинг фидокорона меҳнати қадрланади, заҳматкаш хизмати ҳурмат-эҳтиром топади.
“Таълимда, маърифатда орқада қолганлар – ҳеч шубҳасиз, тараққиётда ҳам орқада қолади. Албатта, бундай уйғунликка эришиш осон эмас. Бунинг учун катта-катта маблағдан ташқари улкан инсоний ресурс, билим ва тажриба, кадрлар салоҳияти, энг муҳими, ўқитувчиларнинг ватанпарварлик фазилати талаб этилади”. Бу фикрларни Президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқотида таъкидлади. Давлат раҳбари ўқитувчиларни қутлаб, уларнинг меҳнати, жамият ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида алоҳида сўз юритди.
Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида таълим тизимини замонавийлаштириш, ўқитувчилар меҳнатига муносиб баҳони ошириш, уларга яратиладиган шароитни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш лозимлигига урғу берди. Шунингдек, иш самарадорлигини ошириш учун республиканинг барча бурчакларида ўқитувчиларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш дастурлари жорий этиш режалаштирилгани айтиб ўтилди.
Мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан илм-фан, таълим ва тарбия соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида жамиятда ўқитувчи мақомига юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, таълим тизими фидойиларини доимий қўллаб-қувватлаш йўлида улкан ижобий ўзгаришлар қилинди. Айниқса, Янги таҳрирдаги Конституциямизда илк бор ўқитувчи мақоми алоҳида белгиланиб, таълим тизимини ривожлантириш давлатнинг бош вазифалари қаторига киритилди.
Асосий қонунимизнинг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитиш асоси” сифатида эътироф этилиб, “Давлат ўқитувчининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилади, унинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, дея белгилаб қўйилгани юртимизда ўқитувчига юксак эътибор нишонасидир.
Жорий йил 1 февраль куни узоқ кутилган тарихий ҳужжат – “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди. Илк бор педагогнинг ҳуқуқи, мажбурияти, фаолиятининг асосий кафолати, шунингдек меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш каби асосий тамойиллар қонун даражасида белгиланди.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Инсон қадри учун” тамойили барча ислоҳотларимизнинг мезонини ташкил қилмоқда.
Зеро, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини эъзозлаш, асосий ҳуқуқи ва эркинлиги дахлсизлигини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқи таълимини бериш борасидаги саъй-ҳаракат замирида “ҳазрати инсон”нинг бахти-камоли ётади. Президентимиз 2023 йил 7 февралда имзолаган “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқи соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор билан инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълимни янада такомиллаштириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек ўқитувчи ва педагогларнинг инсон ҳуқуқи ҳамда асосий тамойиллар бўйича билими ва малакасини ошириш вазифалари белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда амалга оширилаётган бундай ишлар жонкуяр ва меҳрибон устозларнинг келажак авлодларга таълим-тарбия беришдаги масъулияти ҳамда жамият тараққиётига қўшаётган беқиёс ҳиссасини англаган ҳолда, уларга юксак даражада эътибор ва ғамҳўрлик кўрсатиш намунасидир.
Фарход Ҳайитбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи