АОКАда Марказий банк бошқарма бошлиғи Нодир Комилов аҳолига ипотека кредитлари ажратиш борасида жорий этилган ўзгаришлар тўғрисида маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган 8 ойида 37 мингга яқин фуқарога жами 9,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитлари ажратилди. Жорий йил 1 сентябрь ҳолатига ипотека кредитларининг қолдиғи 63,6 триллион сўмга етди.
2024 йилда ажратилган ипотека кредитларининг 56 фоизи (5,6 трлн. сўми) марказлашган маблағлар, 33 фоизи (3,2 трлн. сўми) банкнинг ўз маблағлари, 11 фоизи (1,1 трлн. сўми) эса “Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитлари ҳиссасига тўғри келади.
Жорий йилнинг январь-август ойларида ажратилган жами 9,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитларининг 4,1 триллион сўми ёки 41 фоизи ҳам иккиламчи бозордан уй-жойлар сотиб олиш учун йўналтирилган. Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўп квартирали уй-жойлар қурилиши учун ажратилган кредитларнинг умумий қолдиғи 2 триллион 804 миллиард сўмни ташкил этиб, 2020 йил бошига нисбатан 2,5 баробарга ёки 1 триллион 419 миллиард сўмга ошган.
Кўчмас мулк бозорида амалга оширилган ишлар натижасида аҳолини уй-жой билан таъминлаш даражаси сезиларли равишда ошди. Уй-жойнинг қиймати давлат дастури доирасида ажратиладиган ипотека кредитларининг юқори қийматидан ошганда, яъни Тошкент шаҳрида 420 миллион сўмдан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 330 миллион сўмдан юқори бўлганда фуқаролар тижорат банкларидан бозор шартлари асосида ипотека кредитлари олиши имкониятига эга бўлди.
Бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишда ипотека кредити предметини суғурта хавфларидан суғурта қилиш талаби бекор қилинди.
Мазкур тартибнинг жорий этилиши фуқароларнинг ипотека кредитлари орқали бирламчи бозордан квартиралар сотиб олиш жараёнида ўртача 4-5 миллион сўм миқдоридаги суғурта харажатларини иқтисод қилишга асос бўлди. Жорий йил 1 майдан бошлаб дастур доирасида ипотека кредитлари биринчи марта фойдаланаётган фуқароларга ажратилади. Бу, ўз навбатида, уй-жойга ҳақиқий эҳтиёжманд аҳолининг марказлашган маблағлар ҳисобидан арзон ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятини оширади.
Тижорат банкларининг кўчмас мулк бозоридаги фаоллиги натижасида уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратиладиган ипотека кредитлари салмоғи йил сайин ошиб бормоқда. Хусусан, 2020 йилда банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитларининг жами ажратилган ипотека кредитларидаги улуши 22 фоизни (2 043 млрд. сўм) ташкил этган бўлса, 2023 йил якунида мазкур кўрсаткич 34 фоизгача (5 717 млрд. сўм) ошган.
Шунингдек, ажратилган ипотека кредитлари ҳажмида иккиламчи бозорга йўналтирилган кредитларнинг ўсиш тенденцияси сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Жумладан, иккиламчи бозордан квартиралар сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитларининг жами ажратилган ипотека кредитлари ҳажмидаги улуши 2020 йилдаги 3 фоиздан (268,4 млрд. сўм) 2023 йилдаги 42 фоизгача ўсган.
Шу билан бирга, самарали уй-жой ислоҳотларини аҳолига ипотека кредитлари ажратилишини қўллаб-қувватлаш бирга, уй-жой қурилишини кенгайтиришда ҳам кўришимиз мумкин. Уй-жой таклифини рағбатлантириш борасида 2020-2023 йилларда республикада жами 328 мингта хонадон фойдаланишга тоширилган бўлса, 2024 йил давлат дастури доирасида 101,7 мингта квартиралар қурилиши белгиланган.
Сўнгги 4 йил ҳамда жорий йил 8 ойида тижорат банклари томонидан 145,5 минг хонадонли 2 минг 986 та кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиши учун пудрат ташкилотларига жами 7,5 триллион сўм миқдоридаги кредитлар ажратилган.
Cтатистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йил якуни бўйича республикада мавжуд уй-жойларнинг сони 7 миллион 476 мингта, уй-хўжаликлари сони эса 7 миллион 258 мингтани ташкил этган.
Ш.Маматуропова, ЎзА