Маълумки, келгуси йил Тошкент ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинларига мезбонлик қилади.
Айни кунларда мамлакатимизда илк бор ташкил этиладиган “кичик олимпиада” мусобақаларини ҳар жиҳатдан юқори даражада ўтказиш, ташкилий ишларни халқаро талаблар асосида уюштириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борадаги ишларда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мутахассислари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Куни кеча Миллий антидопинг агентлиги директори А.Содиқов ва масъул мутахассислар Осиё олимпия кенгаши ташкилий қўмитаси вакиллари билан допинг назорати бўйича мулоқот ўтказди.
Онлайн тарзда ўтган мулоқот давомида "Тошкент-2025" ўйинларида қатнашадиган спортчилардан допинг синамалар олиш жараёни қай тартибда амалга оширилиши, натижаларни эълон қилиш тартиби ва бошқа қатор масалалар хусусида фикр юритилди.
Шунингдек, пойтахтимизда бунёд этилаётган “Олимпия шаҳарчаси”да янги барпо этилаётган иншоотлар ва спорт майдонларида допинг назоратини амалга ошириш учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан тақдимот ўтказилди. Ўз навбатида мутасаддилар томонидан олдинда қилиниши керак бўлган ишлар бўйича тавсиялар берилди.
Т.Рўзиев, ЎзА