Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Зуфар Қурбонов ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Шин Мюнг Сеоп томонидан Симуляциялашган ўқув марказига тамал тоши қуйилди.
Мазкур ўқув маркази Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги ўртасидаги “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Симуляциялашган ўқув марказини ташкил этиш бўйича салоҳиятни ошириш лойиҳаси” асосида барпо этилади.
[gallery-19577]
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур грант лойиҳасини амалга ошириш 2023-2027 йилларга мўлжалланган бўлиб, унинг умумий қиймати 6 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Грант лойиҳаси доирасида ИИВ Малака ошириш институтида қурилиши режалаштирилган бино полиция автомобиль бошқарув симулятори, суд экспертизаси, тергов ва жиноят содир этилган воқеа жойи хоналари ҳамда виртуал симуляция ва моделлаштириш марказидан ташкил топиб, уларнинг барчаси Корея технологияси асосида қурилиб, жиҳозланади.
Мазкур марказ ички ишлар органлари ходимларини замонавий технологиялар асосида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш имконини беради.
Гулноза Бобоева, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА