Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ижроия қўмитасининг Сайловларни кузатиш бўйича миссияси штаби раҳбари Евгений Козяк ва штаб аъзоси Марина Афонина билан учрашди.
Мулоқот давомида меҳмонларга мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот берилди.
Жумладан, соҳанинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш, судлар фаолиятида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади – суд ҳокимиятининг мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборат.
Делегация аъзоларига мамлакатимиз сайлов қонунчилиги бўйича батафсил ахборот берилди. Хусусан, Сайлов кодексида белгиланган сайлов комиссияларининг қарорлари устидан тушган шикоятларни кўриб чиқиш тартибига оид маълумотлар меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Қонунчилигимизда сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун тегишли маъмурий жавобгарлик ҳамда сайлов ташкил қилиш, уни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги қайд этилди.
Учрашув доирасида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА