Илм олиш инсондан жуда катта меҳнат, куч, чидам, сабр, фидойилик, ватанпарварлик талаб қиладиган улуғ ва шарафли ишдир. Билими ва истеъдоди билан юртига, халқига, Ватанига хизмат қилиш ҳар бир инсоннинг номини юксакликка кўтаради.
Дарҳақиқат, шундай инсонлар борки, улар билан мулоқот қилиш кишига ўзгача қувонч бахш этади, қалблари бой, кўзларидан доим яхшилик нури ёғилиб туради. Таниқли олим, педагогика фанлари доктори, профессор Бахтиёр Раҳимов ана шундай заҳматкаш илм жонкуярларидан биридир. Олим ўз умрини илмга, ёшлар тарбиясига бағишлаган. У Гулистон давлат университетида оддий аспирантликдан фан доктори, ассистент ўқитувчиликдан кафедра мудири, профессорликкача бўлган босқичларни бирма-бир босиб ўтди.
Бахтиёр Раҳимов 1967 йилда Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида туғилган. 1992 йилда Россия Федерациясининг Киров номидаги давлат педагогика институтини тамомлаган. Педагоглик фаолиятини 1993 йил Гулистон давлат университетининг Педагогика ва психология кафедрасида ўқитувчиликдан бошлаган. Олим ўтган давр мобайнида илм билан шуғулланди, изланди. 2005 йилда педагогика фанлари номзоди, 2008 йилда доцент илмий унвонини, 2010 йилда педагогика фанлари доктори ва 2022 йилда профессорлик илмий унвонини қўлга киритди.
Ватан ва илм-фан равнақига улкан ҳисса қўшаётган олим 10 та дарслик, 24 та ўқув қўлланма 50 та ўқув услубий қўлланма, 11 та монография, 200 дан ортиқ илмий мақола ва 300 дан зиёд халқаро-республика анжуманларида тезислари чоп этган.
Тил ва жамият ўзаро диалектик алоқада бўлиб, улар бири иккинчисини тақозо қилади ва бири иккинчисисиз мавжуд бўлмайди. Жамиятдаги ҳар қандай ўзгаришлар тилда ўз аксини топади. Таъкидлаш зарурки, жамият тилга қай даражада таъсир кўрсатса, тил ҳам жамият ҳақида, унинг маданияти ва қадриятлари ҳақида шу даражада маълумот беради, чунки у дунёни бевосита эмас, балки инсонлар жамоасининг субъектив билиши, идроки асосида акс эттиради. Тилдаги муттасил ўзгаришлар шу тил эгаларининг лисоний маданиятига ҳам сўзсиз таъсир этади. Шунинг учун глобаллашув даврида миллий-маданий ўзига хосликни, миллий қадриятларни, шу жумладан, тил софлигини сақлаш, тил эгаларининг лисоний компетенциясини, мулоқот маданиятини ривожлантириш каби масалалар кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланди. Буни теран англаган Бахтиёр Раҳимов ўзининг илмий қарашлари билан талабаларнинг нутқ маданиятини ривожлантириб, педагогик амалий услублар яратди.
Олим давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келади. Унинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, 2023 йилда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қўшган ҳиссаси учун “Жалолиддин Мангуберди” медали билан тақдирланди. Устоз айни пайтда Гулистон давлат университети Бошланғич таълим услубиёти кафедраси мудири лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. У киши ажойиб оила бошлиғи, камтарин инсон, жонкуяр олим, мураббийлик маҳорати ва илмий ижодкорлик қобилияти билан республикамиз зиёлилари орасида алоҳида ҳурматга эга.
Одамийлик одобини ўргатган устоз ҳақиқий устоздир. Бу одобни у кишининг оиласида кўрдим, ҳавас қилдим. Олим нафақат илм-фанда илғор, балки оилавий ҳаётда ҳам намунадир. Бахтиёр аканинг умр йўлдоши Дилбар опа алоҳида эътирофга лойиқ инсон. Негаки, баъзида ишдан ортмай устознинг уйига бориб якшанба кунлари ишлашга тўғри келарди. Хонадон соҳибаси Дилбар опа ҳамиша самимий ва очиқ чеҳра билан кутиб олади. Дилбар опадаги ўзбекона лутф, одамохунликка ҳар қандай кишининг ҳаваси келади. У кишининг умр йўлдошига қилаётган хизматларини буюк ибодат деб билиши, ҳурматимни икки ҳисса оширди. Аҳли оиладаги ўзаро ҳавас қиларли муносабатни кўриб, устозимизнинг жамиятдаги мавқейи, шогирдлар орасида эъзоз топиши, ҳамкасблари ўртасида ҳурмат қозонишида хонадон осойишталигининг ҳам алоҳида ўрни борлигига ишонч ҳосил қилдим.
Бу оламда ягона ўлмайдиган нарса – устоз яратган ғоялар, деб ўйлайман. Инсон устоз бўлишдек саодатга эришиши учун кўп мураккаб йўлларни босиб ўтиши, анча тўсиқларни ортда қолдириши лозим. “Ҳақиқий устоз бўлишдан олдин, инсон – одам бўлиши керак. Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин”, дейди устоз Бахтиёр Раҳимов. Устоз ана шундай эъзоз-у эътирофга муносиб инсон. Унинг олим сифатида ўзбек илм йўлига қўшган ҳиссаси эса беқиёс.
Мухтасар қилиб айтганда, Бахтиёр Раҳимовнинг келажакда амалга оширишни режалаштирган ишлари, орзулари кўп, аммо мақсади битта – у ҳам бўлса шу улуғ ва муқаддас Она Ватанга астойдил хизмат қилишдир.
Шоҳрух Қаюмов,
Жиззах давлат педагогика университети
докторанти, педагогика фанлари бўйича
фалсафа доктори (PhD) вазифасини
бажарувчи доцент