Ҳар қандай тадбиркорнинг муваффақияти энг аввало яхши ҳамкор, молиявий кўмакдош ва ишончли шерикка кўп жиҳатдан боғлиқ. Вақт билан синалган ҳамкорнинг қўллаб-қувватлови сабаб тадбиркор ўз ғояси, янги лойиҳасини амалга оширади. Шу орқали даромад олади, янги иш ўрни яратади, аҳолининг истеъмол маҳсулотларига бўлган талабини қондиради ва давлат ғазнасига ҳам ҳисса қўшади.
Хусусан, нодавлат таълим муассасалари муваффақиятида ҳам бу жиҳатлар яққол кўзга ташланмоқда. Болажонларни кичик ёшданоқ хорижий тилларни ўрганишларига имкон берувчи, уларга замон талабалари даражасида энг сўнги технологиялар асосида таълим-тарбия бериб келаётган “Target” халқаро мактаби ҳам ишончли шерик сифатида “Ўзмиллийбанк” АЖни танлади.
– Ўзбекистонда иш бошламасдан аввал Америкада яшаб, ўша ерда фаолият юритар эдим, – дейди “Target” халқаро мактаби асосчиси Беҳзод Жалилов. – Мамлакатимиз раҳбарининг тадбиркорларга қаратган эътибори ва қўллаб-қувватлаётганини кўриб менда ҳам ватанимда бизнес қилиш истаги пайдо бўлди. Тошкентда халқаро “Target” мактабига асос солдим ва ҳудудларда унинг филиалларини ташкил этдим. Албатта, бу лойиҳалар катта молиявий манба асосида амалга ошади. Шунинг учун иш бошиданоқ банкларнинг кўмагидан фойдаландик. Хусусан, Юнусободдаги 6-филиалимизни ишга туширишда доимий ҳамкоримиз “Ўзмиллийбанк” АЖ бизни қўллаб-қувватлади. Бугун давлат мактабларида ҳам IT ва хорижий тиллар курсини ташкил этганмиз.
2021 йилда асос солинган “Target” халқаро мактабининг пойтахтимиз бўйлаб 5 та филиали мавжуд. Яқинда ўз фаолиятини бошлаган Юнусобод филиали 500 ўринга мўлжалланган. Бу ерда айни пайтда 205 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактаб бизнес ва IT соҳаларига ихтисослашган, инглиз тили ва математика чуқурлаштирилиб ўтилади. Мактаб филиалида олти ой давомида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 500 минг АҚШ долларини ташкил этди.
–Менда танлов имконияти бўлди, – дейди Барно Қодирова. –Институтда ёки мазкур хусусий мактабда ишлашим мумкин деган. Инглиз тили ўқитувчиси сифатида шахсий ривожланишим учун мен ушбу мактабни танладим. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, фарзанди хусусий мактабларда таҳсил олувчи ота-оналар учун энг катта қулайлик.
– Жорий йилдан бошлаб банкнинг асосий ҳисоб-рақамларига эга бўлган ҳамда ўзаро шартнома тузган таълим ташкилотларига махсус Education таълим кредити ажратила бошланди, – дейди “Ўзмиллийбанк” АЖ бошқарма бошлиғи Абдураҳим Ғофуров. – Ушбу кредит маҳсулотининг муддати 36 ой, қиймати 50 миллион сўмни ташкил этади.
“Target” халқаро мактаби асосчисининг таъкидлашича, халқаро мактаб “Ўзмиллийбанк” АЖ билан келгусида ҳам ҳамкорликни янада ривожлантириш ниятида. Энг асосийси, бу ерда ўқувчилар нафақат билим, шунингдек, лидерлик салоҳиятини ҳам камол топтиради.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати