30 сентябрь куни “Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагилар тасдиқланди:
— Боғдорчилик, узумчилик, иссиқхона хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда тизим фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси”;
— 2024–2027 йилларда анжир, фундук ва зайтунзорларни ташкил этишнинг мақсадли кўрсаткичлари.
Агентлик томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат йўналишидаги субсидиялар турлари мақбуллаштирилади.
Бунда:
2025 йил 1 январдан:
— интенсив мевали боғ ва узумзорларда томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатгани учун субсидия 1 гектар учун 16 миллион сўмдан ошмаган миқдорда белгиланади;
— сув тежовчи технологияларни қўллаш учун субсидия сув қувурларининг ўлчамидан (диаметри) келиб чиқиб, 40 минг сўмдан 250 минг сўмгача белгиланади;
—“in-vitro” усулида яратилган мевали пайвандтагли кўчатларни сотиб олиш харажатлари учун субсидия ушбу харажатларнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади;
— экиш схемалари ҳудудларнинг тупроқ ва иқлим шароитларидан келиб чиқиб, Агентлик тавсияси билан белгиланади.
кўчат пайвандтаглари учун бериладиган барча турдаги субсидиялар 2024 йил 1 октябрдан бекор қилинади.
ЎзА