2024 йил 30 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Олий Мажлис Сенатининг эллик саккизинчи ялпи мажлисида дастлаб “Креатив иқтисодиёт тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонун билан креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш ва ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш назарда тутилиб, унда креатив иқтисодиёт соҳалари сифатида 15 та йўналиш белгиланмоқда.
Ҳужжатда креатив иқтисодиёт бўйича давлат сиёсатининг амалга оширилиши механизми, Вазирлар Маҳкамасининг, вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг соҳага оид ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.
Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши ташкил этилиши, ушбу кенгаш жамоатчилик асосида фаолият олиб борадиган маслаҳат органи ҳисобланиши назарда тутилмоқда.
Қонун асосида креатив иқтисодиёт учун зарур инфратузилма яратиш ва қўллаб-қувватлаш механизмлари, хусусан, креатив индустриялар парки ва кластерлари, рақамли платформалар, арт-резиденциялар, креатив индустрия марказлари, инновацион ускуналар ва технологиялар, рақамли дастурлар ва платформалар яратилиши ҳамда креатив индустриялар паркининг вазифалари белгиланмоқда.
Шу билан бирга, қонун асосида ички ва ташқи бозорларда креатив индустрия соҳаларидаги лойиҳаларни яратиш, ишлаб чиқариш ва илгари суриш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилиши ҳамда ушбу жамғармалар маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари белгиланмоқда.
Креатив индустрияларининг республика иқтисодиётига ҳиссасини аниқлаш мақсадида статистик кўрсаткичларини шакллантириш ҳамда креатив иқтисодиётни ривожлантиришда миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳисобга олиш, маданий меросни асраш қонун даражасида белгиланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Глобал инновациялар индексидаги ўрнини оширишга, креатив индустрия соҳасидаги инновацион ғоялар ва лойиҳаларни ривожлантиришга, маданият ва меросни оммалаштириш, халқаро ва ички туризмни ривожлантиришга қаратилган креатив маҳсулотлар ва хизматларни сотиш учун шароитлар яратишга хизмат қилади.
Сенаторлар ушбу қонуннинг долзарблиги ва зарурлигини эътиборга олиб, уни маъқуллади.
Шунингдек, ялпи мажлисда сенаторлар “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги қонун муҳокама қилди.
Қонун билан қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, кооператив аъзолигига қабул қилиш, назорат қилиш, ташқи аудит, бошқариш, қайта ташкил этиш ва тугатиш борасидаги, шунингдек, давлат ва кооперативлар ўртасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда.
Кооператив қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга ошириш учун пай усулига ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашишига асосланган мустақил тижорат ташкилоти эканлиги қонунан белгиланмоқда.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги кооперативи камида етти нафар жисмоний ва (ёки) юридик шахслардан иборат таркибда ташкил этилиши назарда тутилмоқда.
Қонунда қишлоқ хўжалиги кооперативининг бошқарув органлари, жумладан, умумий йиғилиш, кооператив бошқаруви, кузатув кенгашининг аниқ вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзоликка кириш ва ундан чиқиш, кооператив аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг ҳисобини юритиш, пай бадалларини тўлаш билан боғлиқ нормалар ҳужжатда ўз аксини топган.
Бундан ташқари, кооперативларга қишлоқ хўжалиги соҳасида хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, қонунларда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқи берилмоқда.
Қонунда давлат томонидан аграр-иқтисодий сиёсат ёрдамида кооперативлар фаолияти учун қулай муҳитни таъминлаш, уларнинг фаолиятини рағбатлантирувчи ва қўллаб-қувватловчи мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалиги корхоналарига берилаётган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш, банк кредитларидан ва бошқа молиявий ресурслардан фойдаланишда кўмаклашиш назарда тутилган. Кооперативларни иқтисодий, социал, ҳудудий ва ижтимоий жиҳатдан ривожлантириш бўйича қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган.
Қонуннинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи субъектларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди, ўз ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, уларни профессионал ва демократик йўл билан бошқариш ҳамда қишлоқ хўжалигида муваффақиятли фаолият юритиш имконини беради.
Шу билан бирга, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ривожланиб келаётган замонавий кооперативлар фаолияти тартибга солинади ҳамда уларнинг ҳуқуқий кафолати яратилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, сенаторлар томонидан “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Қонунда темир йўл транспорти тизими замонавий бозор модели талабларига мувофиқ акс эттирилмоқда.
Мазкур ҳужжат транспорт соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароит яратиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва темир йўл транспорти ташувлари соҳасида халқаро ҳамкорликни такомиллаштиришга қаратилган.
Қонунда “темир йўл транспорти” тушунчаси қайта кўриб чиқилиб, янги таҳрирда баён этилмоқда. Бунда республиканинг темир йўл транспорти умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспортига ажратилмоқда.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл инфратузилмасидан фойдаланиш тартиби ва инфратузилма оператори фаолияти тартибга солинмоқда ҳамда ташувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.
Қонун билан темир йўл транспортида бозор тамойиллари асосида эркин шакллантириладиган тарифлар аниқ белгиланаётган бўлиб, унга кўра юк вагонларини тақдим этиш, юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилиб, бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизми жорий этилмоқда.
Нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган маҳаллий йўналишларда йўловчиларни ташиш хизматларини (юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташишдан ташқари) кўрсатишдан кўрилган зарарларни Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиш тартиби жорий этилмоқда.
Темир йўл инфратузилмасини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилишнинг аниқ йўналишлари қонунда белгиланиб, умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар ҳамда вокзалларни қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштириш манбалари аниқ қайд этилмоқда.
Қонун билан темир йўлда давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари яратилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги ва Транспорт инспекцияси ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Қонун соҳада рақобат муҳитини яратиш, фуқароларнинг темир йўл транспортида ҳаракатланишида сифат даражасини ошириш, йўловчи ва юкларни хавфсиз ташишга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш ва темир йўл транспорти ташувлари соҳасида халқаро ҳамкорликни такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шу билан бирга, Сенатнинг эллик саккизинчи ялпи мажлисида “Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги Битимни (Душанбе, 2023 йил 14 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун муҳокама марказида бўлди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг самарали олиб борилиши, ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари таъминланмоқда.
Ёшларни ҳар томонлама ижтимоий-иқтисодий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, очиқ ва сифатли таълим олиши, ижодий, интеллектуал ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш учун етарли шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур Битимни қабул қилиш ташаббуси 2022 йил 21 июлда Чўлпон-Отада ўтказилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг IV маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган.
Қонунда ёшлар иштирокида оммавий тадбирлар, лойиҳалар, ёшлар лагерлари, давлатлараро ёшлар акциялари, семинарлар, мунозара клублари, давра суҳбатлари, ёшлар форумлари ва минтақадаги ёшлар сиёсатининг долзарб масалаларига бағишланган конференцияларни ташкил этишга кўмаклашиш каби масалалар назарда тутилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши Марказий Осиё давлатларининг ёшлар сиёсати соҳасида шериклик муносабатларини ривожлантиришга имкониятлар яратади ҳамда минтақадаги ёшлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 6 та масала, шу жумладан, 5 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати