28 сентябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида давлат хусусий-шериклик асосида қурилган янги талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.
Замонавий, талаба-ёшлар учун барча қулайликларга эга янги ётоқхонанинг очилиш маросимида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов, вазирлик Тошкент шаҳар ҳудудий бошқарма бошлиғи Бунёд Ражабов, университет жамоаси, фахрийлар, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 563-сонли қарорига асосан давлат хусусий шериклик асосида “Шоҳрузбек Ҳалимжон қурилиш” МЧЖ корхонаси 100% ўз маблағлари ҳисобидан бунёд этган мазкур талабалар турар жойи 550 ўринли бўлиб, талаба-ёшлар учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, бинода “Маънавият хонаси”, «Ошхона», “Кир ювиш хонаси”, “Беш ташаббус” хоналари, спорт зали ташкил қилинган. Очилиш маросимида сўзга чиққанлар фахрийлар бугун мамлакатимизда ёшларнинг таълим олишлари учун керакли шароит яратиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар кишини хурсанд қилаётганлигини таъкидлаб ўтди. Амалий ишларнинг натижаси сифатида мана шундай шинам ётоқхоналар бунёд этилаётганлиги эътироф этилди.
ЎзА