Муҳтарам устоз ва мураббийлар!
Аввало, сиз, азизларни, юртимиздаги таълим-тарбия соҳаси ходимларини Ўқитувчи ва мураббийлар куни – умумхалқ байрами билан чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга энг эзгу тилакларимни билдиришдан бахтиёрман.
Халқимиз ўзининг азму шижоати, бунёдкорлик салоҳияти билан Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этаётган бугунги кунда ушбу улуғ айёмнинг моҳияти, муаллим ва устозларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти айниқса ортиб бормоқда.
Эл-юртимиз азалдан эъзозлаб келадиган ўқитувчи ва мураббийларнинг мақомини, қадр-қимматини янада юксалтириш – биз амалга ошираётган давлат сиёсатининг энг муҳим, ҳал қилувчи йўналишига айлангани
ҳам шундан далолат беради.
Зеро, донишмандлар айтганларидек, мамлакат аввало ердан ризқ-насиба ундирадиган деҳқонлар, халқни ёвдан, турли ёвузликлардан ҳимоя қиладиган аскарлар, ёш авлодга таълим ва тарбия берадиган фидойи муаллимларнинг саъй-ҳаракати билан обод ва фаровон бўлади.
Ҳурматли ватандошлар!
Кейинги йилларда миллий тараққиёт стратегиямиз асосида юртимизда таълим ва тарбия тизимида ҳам том маънода тарихий ишлар амалга оширилмоқда.
Қисқа фурсатда соҳага оид кўплаб қонун, фармон ва қарорлар қабул қилиниб, бу борадаги ҳуқуқий база мустаҳкамланди. Янгиланган Конституциямизда ўқитувчининг мақоми алоҳида белгилаб қўйилди.
Республикамизда ҳар йили янги-янги таълим масканлари барпо этилиб, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда. Дарслик ва ўқув қўлланмаларининг замон талабларига мос янги авлоди яратилмоқда.
Айниқса, мактабгача таълим тизими дунёдаги илғор тажрибалар асосида мутлақо янгича ривожланиш босқичига қадам қўйди. Юртимиздаги болалар боғчалари сони 8 баробар ошиб, салкам 38 мингтага, жумладан, нодавлат таълим муассасалари 250 тадан 29 мингтага, қамров эса 27 фоиздан 76,4 фоизга етгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Мамлакатимизда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланди. Бу ҳақда сўз юритганда, охирги етти йилда 5 мингдан зиёд мактабда, шу йилнинг ўзида эса 608 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилганини таъкидлаш лозим.
Илк бор 530 та мактабда инклюзив таълим жорий этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 288 минг нафардан ортиқ бошланғич синф ўқувчиларининг бепул овқатланиши йўлга қўйилди.
Хусусий сектор ривожи учун яратиб берилаётган қулай имкониятлар натижасида нодавлат мактаблар улуши 5 фоизга етгани диққатга сазовордир.
Биз инсон қадрини улуғлашга қаратилган улкан ишларимиз доирасида ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантиришга алоҳида аҳамият бермоқдамиз.
Бугунги кунда ўқитувчиларнинг иш ҳақи 2016 йилга нисбатан ўртача 2,5 марта, профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маоши эса 4,5 карра ўсгани, октябрь ойидан педагог ходимларнинг иш ҳақи яна 15 фоизга оширилиши шу борадаги саъй-ҳаракатларимиз натижасидир.
Таълим сифатини юксалтириш мақсадида педагогларнинг малакасини ошириш бўйича ягона ва вертикал тизим яратилди. Жорий йилда ҳозирга қадар 142 нафар ўқитувчи илғор хорижий давлатларда малака ошириб қайтди. Мактаб директори лавозимига тайинлаш тизими такомиллаштирилиб, уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби ўрнатилди.
Таълим-тарбия соҳасига берилаётган улкан эътибор туфайли ёшларимиз билим, фан ва техника, маданият ва санъат, спорт соҳаларида юксак марраларни қўлга киритаётгани барчамизни мамнун этмоқда.
Ўқувчиларимиз 2010-2016 йилларда халқаро фан олимпиадаларида 73 та медални қўлга киритган бўлса, сўнгги етти йилда 349 та, 2024 йилнинг ўзида эса 122 та медалга сазовор бўлгани ҳам биринчи навбатда сизларнинг машаққатли меҳнатингиз самарасидир.
Бу борада халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларнинг устозларини рағбатлантириш тизими йўлга қўйилгани ва шу мақсадда Давлат бюджетидан 6 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани муҳим рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон тарихида биринчи марта буюк алломаларимизга бағишланган халқаро фан олимпиадаларини ўтказишни бошладик. Бу эса фарзандларимиз, бутун халқимиз қалбида ғурур ва ифтихор туйғуси билан бирга, дунёда Ўзбекистоннинг маърифий нуфузини ҳам юксалтирмоқда.
Мактабда иккинчи хорижий тил ва касб-ҳунарларни ўргатиш борасида ҳам муҳим қадамлар ташланди. Жорий ўқув йилида 354 та мактабда 16 мингдан зиёд ўқувчига иккита хорижий тилни ўқитиш, 289 та мактабда 40 мингдан ортиқ ўқувчига касб-ҳунар ўргатиш
йўлга қўйилди.
Олий таълим соҳасида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қисқа муддатда юртимизда 135 та янги олийгоҳ ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 211 тага етказилгани, тизимда қамров даражаси 4 баробардан зиёд ошиб, 9 фоиздан 38 фоизга етгани мисолида буни яққол кўриш мумкин.
Қадрли дўстлар!
Кўҳна тарих, бугунги ҳаёт тажрибаси барча муаммоларнинг ечими, саволларнинг жавоби фақат ва фақат таълимда, камолот ва бахт эшикларининг калити таълим ва тарбияда эканидан далолат беради.
Барчамиз яхши тушунамизки, ўз олдимизга қўйган буюк мақсадларга етишда – жонажон Ўзбекистонимизни эркин ва фаровон, ҳар томонлама обод мамлакатга айлантиришда соҳа ривожини янги сифат босқичига кўтариш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Сизлар билан бўлиб ўтган сермазмун ва самимий мулоқотимизда бу ҳақда яна бир бор фикр алмашиб, келажак режаларимизни аниқ белгилаб олдик.
Ишончим комил, сиз, муҳтарам педагоглар, профессор-ўқитувчиларимиз таълим соҳасидаги ислоҳотларимизда янада фаол иштирок этиб, “Янги Ўзбекистон – маърифий жамият” деган олижаноб ғоямизни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшасиз.
Ҳеч шубҳасиз, биз таълим ва тарбия тизимини янада равнақ топтириш, соҳа ходимлари учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш масаласига бундан буён ҳам устувор аҳамият берамиз ва ўқитувчиликни жамиятимизда энг обрўли касблар қаторига олиб чиқамиз.
Муҳтарам устозлар!
Мана шу шукуҳли айёмда сиз, азизларни яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, эзгу ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Ҳамиша соғ-омон бўлинг, қадрли ва меҳрибон устозлар!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти