Миллий матбуот марказида “Бизнесни ривожлантириш банкидан чакана хизматлар: қулайлик ва замонавийлик” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда банк Бошқаруви раҳбарияти, таркибий тузилмалар масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирни банк Чакана бизнес Бош директори Феруз Хўжаев очиб берди. Қайд этилдики, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан, юртимизда банк соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, аҳолига таклиф этилаётган банк хизматлари қулайлиги ва ҳаммабопи, замон талабларига мослиги билан турфа хил кўриниш касб этмоқда ва бу банклар орасида рақобат муҳитини юзага келтирди. Демак, стандарт усуллардан воз кечиб ўз қадрият ва тажрибасига таянган ҳолда янги шароитга тезкор мослашувчан банк бўлибгина ушбу рақобатда ўз ўрнини сақлаб қолиш мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, "Бизнесни ривожлантириш банки" ҳам кун сайин янги хизматлар яратиш ва уларнинг ўзига хослиги ортидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ва сонини оширишга жиддий эътибор қаратмоқда.
[gallery-19541]
Маълумки, 2023 йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан “Қишлоқ қурилиш банк” негизида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ташкил этилди ва қисқа фурсат ичида KPMG халқаро компанияси билан ҳамкорликда «Бизнесни ривожлантириш банки»нинг 2024-2026 йилларга мўлжалланган стратегияси ишлаб чиқилди ва айни пайтда мазкур стратегия изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Унга мувофиқ аҳолига хизмат кўрсатиш йўналишида ҳам қатор стратегик мақсадлар белгилаб олинган. Булар, мижозлар билан муносабатларимизнинг узоқ муддатларга мўлжалланганлиги ва сифатли хизмат кўрсатиш, Мижозларга қаратилган хизмат кўрсатиш турини ривожлантириш, Актив мижозлар сонини ошириш, Кредит ажратишда ресурс базасини шакллантириш Матбуот анжуманида қайд этилишича, чакана бизнес моделини ривожлантириш ва даромадлилик кўрсаткичларини ошириш булар асосий стратегик мақсадларимиз ҳисобланади. Бугунги кунда банкда 39 та банк хизматлари офиси ҳамда банк хизматлари маркази, 14 та 2-тоифали БХМ, 3 та ипотека маркази, 560 та Банкомат, 264 та 24/7 банкомат шохобчалари мавжуд. Аҳолига 49 турдаги чакана маҳсулот ва хизматлар кўрсатилмоқда. Стратегия асосида бу борадаги қўйилган мақсад йўлида кўрилаётган чоралар ҳам жорий йилнинг ўзида натижа бермоқда. Хусусан, 2024 йилнинг 9 ойи давомида 1,5 трлн сўм миқдорида кредит маҳсулотлари расмийлаштирилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 100 млрд сўмга кўпроқни ташкил этмоқда. Ҳозирги кунда банкнинг трансформация жараёнлари жадаллик билан амалга оширилиб келинмоқда.
Трансформация жараёнларидан олдин 1 та ходим асосан 1 турдаги хизмат ёки маҳсулот сотуви билан шуғулланган ва 1 кунда 40 тагача амалиётларни бажарган. Жараёнлар қайта кўриб, трансформация жараёнида 1 та ходим 4 тагача маҳсулот бўйича хизмат кўрсатиши ва кун давомидаги амалиётлар сони 100 тагача ошишига эришилмоқда.
— Ўз навбатида, янги хизматлар жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Бизнесни ривожлантириш банки” Чакана бизнес департамент директори Умид Алимов. – Жумладан, "Бизнесни ривожлантириш банки" томонидан бошқа тижорат банкларида алтернатив вариантлари мавжуд бўлмаган маҳсулот ва хизматларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун мижозларга Онлайн автокредит, таълим кредити ҳамда маҳсулот ва хизматларни агент ташкилотлар орқали сотиш ва сотув ҳажмларини оширишга оид янги хизмат турлари таклиф этилди. Бундан ташқари банкнинг мобил иловаси ҳозирги кунда тўлақонли сотув каналига айланди. Айни пайтда мобил илова фойдаланувчилар сони 340 мингдан ортиқни ташкил этади. Йил бошидан 3,5 млн га яқин транзакциялар орқали 3,1 трлн сўмлик айланмалар амалга оширилди. Матбуот анжуманида қайд этилишича, барча турдаги маҳсулотларнинг сотувини онлайн каналларда ташкил этиш устида ишланмоқда.
Асосий мақсад, мижозларга қулай, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишдан иборат. Ҳозирги кунда энг оммабоп хизмат бу шубҳасиз онлайн хизматлар ҳисобланади. Банк томонидан ушбу тенденцияларга мос хизмат ва маҳсулотлар яратиш устида ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, эндиликда банк мижозлари банкнинг мобил иловаси орқали онлайн тарзда автокредит олиш имконияти яратилди. Яъни автотранспорт сотиб олиш бўйича барча амалиётлар мижоз томонидан мустақил онлайн тарзда бажарилади. Ҳозирча ушбу хизмат фақатгина ЎзАвто компанияси томонидан сотилаётган автомобиллар учун жорий қилинган. Бошқа автотранспорт воситаларининг расмий сотувчилари ва ишлаб чиқарувчилари билан музокаралар ўтказилмоқда. Ва онлайн автокредит маҳсулоти бошқа русумдаги автомобиллар учун ҳам жорий этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, талабалар ва уларнинг яқинлари ҳам эндиликда таълим кредитларини мобил илова орқали расмийлаштириб ушбу хизматдан фойдаланишлари мумкин бўлади. Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Ш.Маматуропова, О.Пардаев (фото),ЎзА