Темир йўл транспорти тизими замонавий бозор модели талабларига мувофиқ акс эттирилмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонун транспорт соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган.
Шу билан бирга, қонунда тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароит яратиш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш ва темир йўл транспорти ташувлари соҳасида халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш кўзда тутилган.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонунда “темир йўл транспорти” тушунчаси қайта кўриб чиқилиб, янги таҳрирда баён этилди. Бунда, республиканинг темир йўл транспорти умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспортига ажратилмоқда.
Умумий фойдаланишдаги темир йўл инфратузилмасидан фойдаланиш тартиби ва инфратузилма оператори фаолияти тартибга солинмоқда ҳамда ташувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.
Қонун билан темир йўл транспортида бозор тамойиллари асосида эркин шакллантириладиган тарифлар аниқ белгиланмоқда. Унга кўра, юк вагонларини тақдим этиш, юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилиб, бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизми жорий этилмоқда.
Нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган маҳаллий йўналишларда йўловчиларни ташиш хизматларини (юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташишдан ташқари) кўрсатишдан кўрилган зарарларни давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиш тартиби жорий этилмоқда.
Темир йўл инфратузилмасини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилишнинг аниқ йўналишлари қонунда белгиланиб, умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўллар ҳамда вокзалларни қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштириш манбалари аниқ қайд этилмоқда.
Қонун билан темир йўлда давлат-хусусий шериклик асосида лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари яратилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги ва Транспорт инспекцияси ваколатлари аниқ белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун соҳада рақобат муҳитини яратади. Темир йўл транспорти сифати ошади. Темир йўл транспорти ташувлари соҳасида халқаро ҳамкорлик такомиллашади.
Н.Абдураимова, ЎзА