“Ўзбеккосмос” агентлиги “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” доирасида кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Агентлик ташаббуси билан жорий йилнинг 4-10-октябрь кунлари мамлакатимизда “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” тадбирлари бўлиб ўтади.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1999 йилда имзоланган резолюцияга мувофиқ, ҳар йили октябрь ойининг дастлабки 10 кунлигида дунёнинг 100 га яқин давлатлари мазкур санани кенг нишонлайди.
4-10-октябрь кунлари “Ташкент City Mall” марказида космос тарихига бағишланган махсус кўргазма ўз ишини бошлайди.
Қолаверса, болажонлар учун мажмуадаги “Sky Park” томонидан турли интерактив шоу ўйинлар, танлов ва викториналар ўтказилади, дейилади Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.
Шу билан бирга, 5-6-октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги Турин Политехника университетида “Ўзбеккосмос” агентлиги ва NASA ҳамкорлигида ташкил этилаётган йирик “NASA Space Apps Challenge 2024” хакатони бўлиб ўтади. Унда 200 нафардан зиёд ёшлар 40 га яқин жамоаларга бўлинган ҳолда ўз лойиҳаларини ишлаб чиқишади.
Шунингдек, бутун Республика бўйича умумтаълим мактаблари, академик лицей ва университетларда “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” мавзусига бағишланган очиқ дарслар, суҳбат, тақдимот ва бошқа қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
А.РУСТАМОВ, ЎзА