Бугун Тошкентда Халқаро пахта буйича маслахат қўмитасининг 82-ялпи мажлиси бошланди.
1994 йилдан бошлаб пахта етиштирувчи мамлакатларда ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиб келинаётган, ҳозиргача Австралия, Греция, Жанубий Африка, АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия, Миср каби давлатларида ташкил этилган мазкур анжуман пойтахтимизда илк бор “7 октябрь – Жаҳон пахта куни” муносабати билан ташкил этилди. Анжуман Халқаро пахта тадқиқотчилари уюшмаси (ICRA), Халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси (ICAC) ва Халқаро пахта геноми ташаббуси (ICGI) ташкилотлари билан ҳамкорликда уюштирилган.
Тадбирда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги, хусусан пахта етиштириш ва маҳсулотни қайта ишлаш йўналишида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Пахта етиштиришда давлат буюртмаси бекор қилиниб, эркин бозор тамойилига ўтилган. Кластер тизими босқичма-босқич ривожлантириб бориляпти. Конференцияга биринчи марта мамлакатимиз мезбонлик қилаётгани, дастурга кўра қатор муҳим тадбирлар ўтказилиши ҳам айни жараённинг амалдаги тасдиғидир.
– Мамлакатимиз дунё бўйлаб пахта етиштирилиши мониторингини юритадиган йирик ташкилот – Халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитасига 1998 йил аъзо бўлган, – дейди Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов. – Сўнгги йилларда соҳага рақамли технология ва сунъий интеллектни татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни йўналишда тўпланаётган илғор тажриба батафсил таҳлил этилади. Дунё миқёсидаги етук олимлар жалб қилиниб, янги услублар тасдиқдан ўтказилади. Тадбир доирасида пахтачилик ривожига муносиб ҳисса қўшган мутахассисларни мукофотлаш ҳам анъанага айланган. Масалан, маслаҳат кенгаши тавсиясига асосан, “Йил тадқиқотчиси” соврини ҳам топширилади. Бугунги тадбирда икки нафар олим тақдирланди. Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон вакиллари ҳам шундай мукофотга лойиқ кўрилган.
[gallery-19527]
Таъкидлаш жоиз, 2022 йил Мисрда ўтказилган “VII Жаҳон пахта тадқиқот конференцияси” (WCRC-7) якунида навбатдаги анжуманни 2024 йил юртимизда ўтказиш ташаббуси илгари сурилиб, етук хорижлик олимлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган эди.
VIII конференция (WCRC-8) дастурига мувофиқ, соҳанинг таниқли олимлари ва экспертлари пахтани етиштириш ва қайта ишлаш, тўқимачилик йўналишлари бўйича маърузалар тингланади, мунозаралар ташкил этилади.
Муайян давлатларда пахтачилик ва тўқимачилик саноати бўйича тадқиқотларда эришилаётган сўнгги ютуқлар билан таништирилади, ўзаро тажриба алмашилади. Глобал иқлим ўзгаришининг ғўза етиштиришга салбий таъсири билан боғлиқ минтақавий масалалар муҳокама этилиб, муаммонинг ечими бўйича аниқ таклифлар ўртага ташланади, тавсиялар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, махсус тақдимотлар ёрдамида жаҳон миқёсида эришилган сўнгги ютуқлар, соҳага жорий этилаётган илғор технологиялар халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола қилинади.
Мазкур тадбирларда қатнашиш учун 430 нафардан зиёд хорижлик, 200 га яқин маҳаллий олим, шунингдек 177 пахта-тўқимачилик кластери ва корхонаси вакили тўпланган.
– Асосий эътиборни соҳа ривожи йўлидаги долзарб масала – иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратяпмиз, – деди Халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси катта илмий ходими Кешав Кранти. – Соҳада дунё бўйлаб жуда кўп иш қилиняпти. Шу билан бирга, алоҳида қайд этиш керак, Ўзбекистон пахтачилик соҳасида етакчи. Мамлакатингизнинг табиий ўғитдан самарали фойдаланиш, замонавий технологияни иқлим ўзгаришига мослаштирган ҳолда жорий этиш тажрибаси таҳсинга сазовор. Бу амалиётни ўзлаштириш ва дунё миқёсида тавсия қилиш лозим. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу.
Конференция доирасида иқлим ўзгариши, сувдан оқилона фойдаланиш, зараркунандаларга қарши кураш каби муҳим мавзулар бўйича умумий мунозара орқали экспертлар кўмагида маҳаллий шароитга мос ечимлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, пахтани тозалаш ва тўқимачилик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасидаги инновациялар билан таништирилади.
Умуман, мазкур анжуман пахта сиёсатини такомиллаштириш, халқаро стандартни қабул қилиш, тармоқ ҳақида хабардорликни ошириш, хом ашё ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари учун янги бозорларга йўл очишга хизмат қилади.
Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари