Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида аёллар клублари ўртасида ўтказилган VII Осиё чемпионати якунларига кўра, ўзбекистонлик гандболчи қизлардан Сарвиноз Сапарбоева мусобақанинг энг яхши ўйинчиларидан бири, деб топилди.
Бевосита мусобақалар тафсилотига тўхталадиган бўлсак, ўн кун давом этган қизиқарли баҳсларнинг ҳал қилувчи учрашувида мезбонларнинг “Қайсар” ва “Дўстлик” жамоалари шоҳсупанинг “олтин” поғонаси учун кураш олиб борди. Бу учрашувда “Қайсар” жамоаси 45:23 ҳисобида ғалабага эришиб, чемпионликни тантана қилди.
Бронза медали учун ўтказилган мураккаб баҳсда юртимиз шарафини ҳимоя қилган “Ўзбечка” жамоаси Ҳиндистоннинг “Голден Иглз Бхарат” вакилларига 25:24 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Чемпионат сўнггида ғолиб ва совриндорлар, мусобақанинг энг маҳоратлилари муносиб тақдирланди. Эътироф этилганлар орасида маҳоратли гандболчи қизимиз Сарвиноз Сапарбоеванинг борлиги юртимизда иқтидорли ёшлар етишиб чиқаётганлигидан далолат, дейиш мумкин.
Т. Рўзиев, ЎзА