Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтаётган “JATA Tourism Expo Japan” халқаро сайёҳлик кўргазмасида мамлакатимиз делегацияси сафида Сурхондарё вилоятининг туризм соҳаси вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Вилоят ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев бошчилигидаги делегация қадимий ва ҳамиша навқирон Сурхон воҳасининг ўтмишдан сақланиб қолган ноёб тарихий обидалари, археологик ёдгорликлари, мафтункор табиат манзаралари, миллий ҳунармандлиги ҳамда гастрономик туристик салоҳиятини кенг намойиш этмоқда.
Сайёрамизнинг 97 мамлакатидан 2 мингдан ортиқ туроператор ва меҳмонхона бизнеси ишбилармонлари иштирок этаётган кўргазма доирасидаги учрашувларда жанубдаги воҳа вакиллари халқаро туристик компаниялар билан ўзаро сайёҳларни жалб қилиш, турпакетлар, туристик йўналишлар ишлаб чиқиш, жаҳоннинг илғор туризм тажрибаларини вилоятда оммалаштириш юзасидан келишув тузди.
– Кўргазма иштирокчиларида, айниқса, ўтмишдан сақланиб қолган Далварзинтепа, Фаёзтепа, Қоратепа каби будда ёдгорликлари, Ҳаким Термизий, Исо Термизий сингари ислом оламининг етук намоёндалари мажмуалари, Сангардак шаршараси, Омонхона шифобахш булоғи, мафтункор табиат манзаралари, миллий ҳунармандчилик анъаналари катта қизиқиш уйғотди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев. – Музокараларда, шунингдек, вилоятнинг бой туристик салоҳиятини жаҳонга танитишга қаратилган турли тадбирлар ташкил этиш ҳам режалаштирилди. Япония Сайёҳлик агентликлари ассоциацияси (JATA) директорлар кенгаши раиси Ҳироюки Такаҳаши жаноблари билан кунчиқар давлатдан воҳага сайёҳларни жалб этиш масалаларини атрофлича муҳокама этдик.
Нуфузли кўргазмада вилоят делегацияси бой сайёҳлик салоҳиятга эга воҳанинг туристик имкониятларини оширишга хизмат қиладиган йигирмадан ортиқ шартнома имзолади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири