Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги марказий аппарати ва тизим ташкилотлари ходимлари, фидойи педагогларни "Халқ таълими фидойиси" ҳамда "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишонлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова устоз педагогларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклади ҳамда мукофотларни ўз эгаларига топширди.
Дарҳақиқат, болаликдан эзгу орзу-ниятларимиз ижобатида ўқитувчиларнинг, меҳридарё устозларимизнинг хизматлари беқиёсдир. Давлатимиз раҳбари томонидан педагог кадрлар меҳнатини эъзозлаш, уларни ортиқча қоғозбозлик ва бюрократиядан, фаолияти доирасига кирмайдиган турли юмушлардан озод этиш, ижтимоий муҳофазалаш, меҳнатларини қадрлаш борасида кўплаб амалий ташаббусларни илгари сурди.
Бу эса ўқитувчиларни ўз касбига сидқидилдан, катта масъулият билан ёндашишга даъват этмоқда.
Тадбирда таълим соҳасидаги ислоҳотлар хусусида атрофлича сўз юритилди. Педагоглар кўрсатилаётган меҳр ва эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Н.Усмонова, ЎзА