Бугун ҳар бир ота-она ўз фарзандининг келажагини таълим билан уйғун кўрмоқда. Имкон қадар ўғил-қизини яхшироқ муаллимга бериб, пухта билим олиши йўлида астойдил ҳаракат қилмоқда.
Президентимизнинг таълим соҳасига қаратаётган эътибори замирида ҳам улғайиб келаётган авлодни билимли, маърифатли шахс этиб тарбиялаш, мамлакатимизнини энг тараққий этган давлатлар сафига қўшишдан иборатдир.
Мамлакатимизда таълимга, ўқитувчи касбига қаратилаётган эътибор хусусида маърифат дарғалари қуйидаги фикрларни билдирдилар.
Анора Маҳмудова, Ўзбекистон Қаҳрамони, Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 5-мактабнинг ўқитувчиси:
– Мен олтмиш йиллик ўқитувчилик иш тажрибасига эгаман. Гурлан туманидаги 1-мактабда иш бошлаганман. Отам – ўқитувчи, онам–донгдор пахтакор бўлганлар. Инсон болаликдан ниятни пок ва яхши қилиши кераклигини доим ўқувчиларга уқтириб келамиз. Зеро, болаликдаги тоза ва эзгу ниятлар келгусида ўқувчиларни катта ва юксак марралар сари етаклайди. Президентимиз Шавкат Миирзиёев ташаббуси билан бугун мамлакатимизда ўқитувчилик касбининг нуфузи ва обрўсини юксалтириш йўлида мисли кўрилмаган қадамлар ташланди. Биз - ўқитувчилар жонажон Ўзбекистонимизнинг жаҳон меҳваридан жой олиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз. Барча соҳалар ривожи барибир келиб ўқитувчи фаолиятига тақалади. 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни ўзгача шукуҳ ва тантана билан нишонланмоқда. Ушбу байрам муносабати билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган маърифий тадбирларда бир олам таассуротлар олдик. Уларни ҳар биримиз жойларда ўз мактабимизда ҳамкасбларга, ўқувчиларга албатта етказамиз.
Шавкат Аюпов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Фанлар академияси Романовский номидаги Математика институти директори:
– Мени математикага қизиқтирган инсон ҳам оддий мактабнинг ўқитувчиси. Биз ўқиган даврларда ихтисослаштирилган мактаблар бўлмасди. Оддий умумтаълим мактабида таҳсил олганмиз. Жаҳоннинг буюк математиклари – Ал-Хоразмий, Беруний каби сиймолар бизнинг аждодларимиз. Замонавий математика йўналишида 20-асрдан бошлаб Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов каби олимларимиз катта мактаб яратганлар. Яхши мактаб яратиш албатта, ўқитувчига боғлиқ. Бизнинг Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультетини тамомлаган ёшлар бугун АҚШдаги нуфузли университет битирувчилари билан бемалол баҳслаша олади. Шу сабабли улар энг нуфузли лавозимларда ишламоқдалар. 2016 йил 30 декабрда Президентимиз мамлакатимиз олимлари билан учрашувда илм-фанни сақлаб қолиш учун нима қилиш кераклиги ҳақидаги саволни ўртага ташладилар. Айни мулоқот натижасида Математика институти қайта тикланди. Юртимизнинг 5 та шаҳрида унинг филиаллари очилди. Математика бўйича ёш иқтидорларни танлашда ўтган йиллар мобайнида катта ўсиш бўлди. Ҳозир фан олимпиадаларида муваффақиятли қатнашаёган ёшларни рағбатлантириш, уларга мотивация беришга катта эътибор қаратилмоқда. Оилалар фарзандининг келажигини пухта билимда эканини тушунишди. Ҳолбуки, бир пайтлар ёшлар айнан математикаси йўқ йўналишларга ҳужжат топиширишга уринар эдилар. Ўқитувчилар болаларга математикага қизиқтира олиши керак. Шундагина математика улар учун зерикарли ва мураккаб фан бўлмай қолади. Жамиятда таълимга бўлган муносабат тубдан ўзгарди.
Холбой Ибрагимов, Қори Ниёзий номли Тарбия педагогикаси миллий институти директори:
– Давлатимиз раҳбари Мустақиллигимизнинг 33 йиллик тантаналарида янги Ўзбекистонни яратишда бешта муҳим жиҳатни санаб, бунда сифатли таълим тизимини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратди. Институтимиз яқиндагина ташкил этилди. Президентимиз ўқувчи-ёшлар ўртасида тарбия масалалари оқсаётганини куйинчаклик билан таъкидлагандилар. Яхши фарзанд – тарбиянинг ҳосиласи. Фарзанд туғилганида тарбияни 4 ёшгача олишини Ибн Сино ўз илмий манбаларида айтиб кетган. Жадидлар 100 йиллар аввал орзу қилган ғоялар энди ўз амалий ифодасини топмоқда.
Маърифатпарвар боболаримиз ўзлари камтар ҳаёт кечирсалар-да, юрт фарзандларини билимли бўлиши йўлида барча саъй-ҳаракатларини сафарбар этганлар. Биз мактаблар, малака ошириш институтлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз. Бугунги кунда малака ошириш–илмий тадқиқот – ахборот-ресурс марказидан иборат илмий кластерининг яратилгани диққатга сазовор.
Ғайрат Шоумаров, “Profi University” нодавлат олийгоҳи ректори:
– Ёшларимиз билимга жуда чанқоқ. Шу сабабли кейинги йилларда кўплаб нодавлат олий ўқув юртлари ташкил этилиб, уларнинг малакали билим олишига катта эътибор қаратилмоқда. Кўп йиллар аввал малака ошириш институти, кейин Жаҳон тиллари университетида ишлаганимда голландиялик ҳамкасблар билан суҳбат чоғида уларнинг “Биз аслида сизлардан сабоқ олишимиз керак экан”, деган эътирофини эшитганман. Улар моддий жиҳатдан яхши таъминланган бўлсалар-да, лекин инсонийлик жиҳатидан биздан анча ортда қолганларини ўзлари афсус билан айтишганди. Шу сабаб бугунги кунда Президентимиз томонидан таълим-тарбияда миллийликни сақлаб қолишга катта аҳамият қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Шиддатли замон педагогларга жуда масъулиятли талабларни қўймоқда. Ўқитувчининг билими билан бирга болага индивидуал ёндоша олиш, унга хайрихоҳлик, дўстона муносабатда бўлишдек шахсий сифатлари ҳам бўлмоғи керак, деб биламан.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.