Самарқанд шаҳрида ''Silk road bazaar'' ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди.
Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 60 нафар ҳунарманд иштирок этди.
--Тадбирдан кўзланган мақсад, аввало, тажриба алмашиш, -- дейди ''Ҳунарманд'' уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Умид Ҳакимов.-- Кўргазмада кўҳна кентимизга келаётган маҳаллий ва хорижий сайёҳларга ҳунармандларимиз томонидан тайёрланган ноёб қўл меҳнати асарларини намойиш этяпмиз.
Меҳмонлар эсдалик учун маҳсулотларни сотиб олишлари ҳам мумкин.
[gallery-19518]
Тадбир доирасида самарқандлик ҳунарманд, табиий бўёқлар ёрдамида ипак матосига гул босувчи Шоира Ғаниева томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди.
Тошкентлик ҳунарманд Розия Жуманазарова Австралия қўй жунидан тайёрланган бош ва оёқ кийимларни намойиш этди.
-- Бу маҳсулотлар инсон саломатлиги учун фойдали,-- дейди Розия Жуманазарова. - Тарихий шаҳарда ўтказилаётган кўргазмада қатнашаётганимдан хурсандман. Маҳсулотларимни хорижлик сайёҳлар катта қизиқиш билан томоша қиляпти ва сотиб оляпти.
Кўргазма доирасида ''Аждодлар мероси: ўтмиш тарихи, анъана ва тажриба'' номли китоб тақдимоти ҳам ўтказилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари