АОКАда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қарийб 30 мингга яқин объектдаги қурилиш-монтаж ишлари устидан 145 мингдан ортиқ назорат тадбирлари олиб борилган.
Бунда бажарилиши мажбурий бўлган 88 минг 600 та ёзма кўрсатма берилди, 64 мингга яқин камчилик бартараф этилиб, 6 минг 300 дан зиёд маъмурий иш ҳужжатлари асосида тегишли жазо чоралари қўлланилди. Шаҳарсозлик норма ва қоидаларига зид равишда қурилган 338 та қурилиш объектида қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилди. Тегишли ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан қурилган 226 та қурилиш объектини бузиш ва демонтаж қилиш бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Қурилиш нормаларига риоя қилмаган 279 та объектда буздириш ишлари олиб борилди.
Қурилиш иштирокчилари томонидан муаллифлик ва техник назоратни бузгани учун 678 та ҳолатда лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларни тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш бўйича тақдимномалар киритилди. 519 та қурилиш объектида сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлардан фойдалангани учун тегишли органларга тақдимнома юборилди.
Таъкидлаш керакки, шу йилнинг 23 сентябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган қурилиш индустрияси ва қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришга оид видеоселектор йиғилишида бу борадаги ишлар таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб берилган эди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, эндиликда 30 мингга яқин объектга 500 нафар назоратчи номма-ном бириктирилади. Ҳар бир объект бўйича кундалик назорат ишлари кучайтирилади. Аниқланган хато ва камчиликларни жойида бартараф этиш мақсадида ҳудудий инспекцияларда қурувчи-операторлар штаби ташкил қилинади. Бу эса инспекциялар мансабдор шахслари хатти-ҳаракати ҳамда қурилиш объектидаги қурилиш-монтаж ишларини онлайн назорат қилиш имконини яратади.
Энди назорат инспекторлари боди-камералар билан таъминланади. Бундан кўзланган мақсад қурилишда давлат назоратини янада кучайтириш, ҳар қандай коррупциявий ҳолатни ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйишдан иборат.
Давлат ҳисобидан қурилаётган барча объектга тоифасига қараб камида 2 тадан видеокамера ўрнатилади. Кузатув қурилмаси операторлар штабига маълумотларни онлайн етказиб туради. Шу орқали қурилиш жараёнлари, буюртмачининг техник, лойиҳачининг муаллифлик, пудратчининг ички назорат ишлари доимий давлат назоратида бўлади.
Ноқонуний қурилишлар бўйича маҳалла раислари ва жамоатчилик назорати кучайтирилмоқда. Бу орқали шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, ҳудудий инспекциялар рўйхатидан ўтмасдан ўзбошимчалик билан бошлаб юборилган қурилишларни ўз вақтида тўхтатиш чоралари кўрилади.
Эндиликда ҳар бир қурилаётган объект олдида QR кодли паспорт бўлиши шарт. Агар бундай турдаги паспорт бўлмаса, қурилиш ноқонуний ҳисобланади. Қурилиш паспортида қурилишга тааллуқли барча шаҳарсозлик ҳужжатлари бўлиши шарт. Яъни, қурилишни жойлаштириш, лойиҳани ишлаб чиқиш, тасдиқланган лойиҳа ва шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси, ҳудудий инспекциялардан рўйхатдан ўтган вақти, қурилишнинг бошланиш ва тугалланиш даври, қурилишда буюртмачи, лойиҳачи ва пудратчилар тўғрисидаги маълумотлар бўлиши талаб қилинади.
Ш.Маматуропова, ЎзА