Журналистик суриштирув

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Косон тумани Гулбоғ маҳалласи ҳудудидан ўтган асосий газ қувурларининг кесиб олинаётгани ва қишлоқ аҳолиси бу қувур бир пайтлар одамлар йиққан пулга қилинганини айтиб норозилик билдираётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди ва жамоатчиликнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди. 

Ҳолатни жойида ўрганиш мақсадида ҳудудда бўлдик ва ҳақиқий ҳолатни ўрганишга ҳаракат қилдик. 

Гулбоғ маҳалласи туман марказидан унчалик узоқ эмас. Аҳоли вакилларининг таъкидлашича, ушбу газ қувури 1997-98 йилларда одамларнинг йиққан пуллари эвазига тортиб келинган ва табиий газдан фойдаланилган. 

– Бу қувурни одамлар асосан пул йиғиб тортиб келган, – дейди қишлоқ фахрийларидан бири Иброҳим Хушвақтов. – Совхоз қарзга ботиб қолган эди. Қурби етмасди. Шундан кейин газ 3 йил ёнди. Кейин у ҳам йўқолди. Бир чойнак чой ҳам қайнамай қолди. Ёқилмаган газга қарздорлик келавергач, ёптириб ташлаганмиз. Энди шу қувурни кесишга тушишди. Тумангаз корхонаси ҳисобида турганмиш. Биз кесишига норозимиз. Ўша пайтда труба учун берган пулимга 10 халта ун берарди.

Одамлар билан суҳбатлашарканмиз, қувурнинг кесиб олиб кетилишидан норози эканлигини, кун келиб табиий газ келадиган бўлса, яна сарсонгарчилик бўлишини таъкидлайди. Суриштирувни давом эттирарканмиз, туман масъуллари ҳам етиб келди. Улардан ҳам ушбу масалага изоҳ сўрадик. 

– Бу газ линияси Наврўз маҳалласидан ўтиб келган ва туман газ таъминоти балансида, – дейди туман ҳокимлиги масъули Ойбек Бобоёров. – 219 диаметрли бу қувур асосий қувур ҳисобланиб, бундан газ гирби орқали ички тармоқларга тарқатилади. Ўша ички тармоқдаги кичик қувурларни аҳоли ўз маблағига тортиб борган бўлиши мумкин. Ва уларни аллақачон кесиб, йиғиштириб олишган. Аммо бу асосий қувур давлат маблағи эвазига қилинган. Умумий узунлиги 17 километр. Ўз пулимизга олганмиз, деган фикрлар асоссиз. Бу ердан кесиб олиниб, бошқа ҳудудга олиб бориб қуйилмоқда деган фикрга ҳам қўшилмайман. Сабаби, ҳаммамиз битта юртнинг одамларимиз ва сеники-меники, деган гап кетмайди.

Хўш, аслида марказий газ қувури ҳақиқатда аҳолининг пуллари эвазига тортилганмиди? Агар ҳақиқатда шундай бўлса, қанча маблағ эвазига, қаердан олиб келинган? Ким олиб келган ва ҳоказо саволларга қишлоқ одамларидан тайинли жавоб ололмадик.

Ушбу ҳолат юзасидан маҳалла раисининг ҳам фикрларини тингладик. 

– Ўша даврни мен биламан. Одамлар ҳўкиз сотиб ёки бошқа бир кўринишда қувурларни тортиш учун пул йиғишмаган. Бу давлат маблағи ҳисобига қилинган. Тўғри, қувур тортилгунча усталарга чой қилиш учун ёки етмай қолган айрим нарсаларга одамлар пул йиққан бўлиши мумкин, – дейди “Гулбоғ” МФЙ раиси Панжи Бекмуродов. 

Аслида ушбу газ қувурларини кесиш нега керак бўлиб қолди? Бунга бирорта асос борми? Ушбу саволлар билан туман газ таъминоти ташкилоти раҳбарига юзландик. 

– Туманимизни газлаштириш 1989 йилда бошланган бўлса, 1999 йилга келиб Гулбоғ, Оқтепа, Қорахитой йўналишларида газ қувури тортилган, – дейди Косон туман газ таъминоти корхонаси бошлиғи Ёрқин Ёдгоров. – Колхоз ва нефтгаз ташкилотлари ҳомийлигида тортилган бу қувурлар. Охиригача 17 километрни ташкил қилади. Газ босими пасайгач, аҳоли пунктлари босқичма-босқич суюлтирилган газ баллонларига ўтказилди. Шундан сўнг бу қувурлардан газ келиши тўхтади. Вилоят ҳокимининг тегишли фармойишига асосан туман ҳудудидан 4,7 километр қувурлар кесиб олиниб, Нишон туманидаги янги қурилаётган кўп қаватли уйларга тортилиши режа қилинган. Шу мақсадда кесиляпти. Ташкилотимиз балансида. Кейин халқнинг пулига тортилган деган фикрлар асоссиз. Бу қувур юқори босимли қувур ва ўша пайтларда сотилмаган. 

Хуллас, қишлоқ одамлари қувурлар ўз пулларига тортилганини иддао қилса, масъуллар давлат маблағи эвазига қилинган дейди. Шу боис ҳамон икки томон ҳам ўзаро келишувга эришганича йўқ. Аммо масъулларнинг таъкидлашича, туман ҳокими Асрол Бойқараев аҳолининг фикрлари ҳам инобатга олинишини таъкидлабди.

Ўлмас Баротов,

 ЎзА мухбири

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Косондаги газ қувурлари асоссиз кесилганми?