Мутахассисларнинг қайд этишича, Туркия, Германия каби давлатларда бир километр йўл қурилишига кетадиган харажат Ўзбекистондаги йўл қурилишига сарфланадиган харажат билан деярли бир хил. Аммо сифат ҳар хил. Мисол учун, Туркияда қурилган йўллар 15 йил хизмат қилса, Ўзбекистонда қурилган йўллар икки йилга зўрға дош беради.
Шу ерда ҳақли савол туғилади. Нега сарфланган маблағ бошқа давлатлардан унчалик фарқ қилмайди, кафолатга келганда бизда 2 йилгина муддат берилади?
Соҳа ходимлари маълумотига кўра, Ўзбекистонда йўл қурилишида ишлатиладиган асфальтлар талабга жавоб бермайди. Қозоғистон ва Россия 2023 йилнинг 1 июлидан биз амалда фойдаланиб келаётган асфальт учун керакли маҳсулотлардан фойдаланишни бекор қилган. АҚШ ва Европа давлатларида ишлаб чиқарилган асфальт-бетон қопламаси 15-20 йил кафолатга эга. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган асфальт-бетон қопламаларининг техник эксплуатацион кўрсаткичлари узоғи 2-3 йилда аянчли аҳволга келяпти. Хўш, бунга ким жавобгар? Масъул идоралар бу бўйича таҳлил ўтказмайдими, ечими изланмайдими?
Кўп йиллардан бери йўл соҳасида меҳнат қилаётган мутахассиснинг айтишича, стандартга кўра, бир тонна асфальтнинг 400 килоси майда қиррали шағал тош, 550 килоси қум бўлиб, унга 50-60 кило битум қўшилиб пиширилади. Бироқ, ҳозир бизда 20 килограмм битум қўшилади. Сабаби, битум қиммат хомашё, бир тоннасининг нархи 6 миллион сўм атрофида. Яна бир ғирромлик, сифатли шебенка ўрнига қирлардан шағал тош ва қумларни олиб келиб қўшишади. Кейин қумнинг ўрнига шебенкани ҳам кўп қўшиб юборишади. Тежалган битум ва қум ҳисобидан урилган миллиардлаб пуллар қаерга кетиши бизга номаълум. Шунинг учун ҳам ётқизилган асфальт бир йилга бормай сочилиб кета бошлайди.
Иккинчи сабаби, юртимизда 100 дан ортиқ асфальт-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхона мавжуд. Аммо, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати яхши назорат қилинмайди. Ишлаб чиқарувчи маҳсулотни назорат қилувчи мутахассис етишмайди. 100 дан ортиқ асфальт-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонага атиги 40 дан ортиқ мутахассис бириктирилган. Мазкур мутахассисларга фақат асфальт-бетон маҳсулотларидан ташқари юзлаб бошқа маҳсулот сифатини ҳам назорат қилиш вазифаси юклатилган. Шу сабабли, жорий йилнинг ўтган даврида атиги 4 та асфальт-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонада ишлаб чиқариладиган асфальт-бетон маҳсулотлари назорат қилинган, холос. Мутахассиснинг қайд этишича, битта корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг сифатини ўрганиш учун 10 кундан ортиқ вақт кетади.
– Жорий йилнинг ўтган даврида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилдан рухсат олган ҳолда 4 та асфальт ишлаб чиқарувчи корхона давлат назорати ўтказилди, — дейди Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги давлат назорати департаменти қурилиш-материаллари бўлими бошлиғи Шуҳрат Суярқулов. – Натижада 13 та маҳсулот амалдаги техник регламент ва стандарт талабларига номувофиқлиги, 199 та ўлчаш воситаларидан 175 таси, яъни 87,9 фоизи қиёсланмагани, 151,6 миллион сўмлик маҳсулот мувофиқлик сертификатисиз реализация қилингани аниқланган. Бундан ташқари, 1 турдаги маҳсулот стандарт талабида белгиланган сифат кўрсаткичларига номувофиқлиги аниқланган. Ўтказилган текширишлар натижасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган корхоналарнинг 4 нафар масъулига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IuYy_vSjHbM" title="Yoʻl qurilishidagi koʻzboʻyamachiliklar: nega sifatsiz xomashyo ishlatiladi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Йўл қурилишида етакчи бўлган Германия тажрибаси ўрганилган. Германияда йўл қурилиши DIN, EN, ISO, BS стандартлари билан тартибга солинади. Тўсиқсиз, юқори тезликдаги транспорт оқимини таъминлаш автобан дизайни учун умумий қоидадир. Аксарият автобанлар совуққа чидамли бетон ёки битумли сирт қалинлиги 68 см ўлчамдаги йўл юзасидан иборат. Автомобиль йўллари қурилишида ер қатламлари илмий-тадқиқот жиҳатидан ўрганилади.
Германиянинг 7500 миль (12 050 км) автомобиль йўллари 25 фоизи бетон қопламаларидан иборат. Инспекторлар юқори технологияли йўл сканерлаш ускуналари билан билан жиҳозланган автомашиналар ёрдамида тизимнинг ҳар бир квадрат метрини вақти-вақти билан текширадилар. Агар ёриқ ёки бошқа нуқсон аниқланса, бутун йўл қисми алмаштирилади. Германияда йўл ҳаракати даражасига қараб бетон қоплама қалинлиги ва бошқа тафсилотларни танлаш учун каталогдан фойдаланилади. Ушбу каталог ҳар 10 йилда бир марта янгиланади.
Немис каталоги талабларига мувофиқ қуриладиган қопламанинг умумий қалинлиги бетон юзаси, асосий қатлам (цемент билан ишланган, асфальт билан ишланган ёки ишлов берилмаган) ва музлашдан ҳимоя қилувчи қатлам қалинлигининг йиғиндисидир. Совуққа қарши ҳимоя қатламининг қалинлиги минтақанинг иқлимига ва ер ости қатламининг совуққа сезгирлигига боғлиқ.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Автомобиль йўллар давлат қўмитасига Германия стандартларини ўрганиб чиқиш ва республикада жорий қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига хулоса киритиш таклиф этилган. Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича Автомобиль йўллар давлат қўмитасига тақдимнома киритилган.
Яна бир маълумотга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Транспорт назорати инспекцияси матбуот хизмати маълумотига кўра, 2024 йил январь-июнь ойларида йўл қурилиши объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажараётган тадбиркорлик субъектларида қоидабузарликларнинг олдини олишга қаратилган 2 минг 371 та профилактика тадбири ўтказилди.
Назорат қилиш ишлари натижасида жами 3 минг 194 та қоидабузарлик аниқланди. Аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича жами 1 минг 191 та бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган. Назорат қилиш ишлари натижасида 132 та объектда аниқланган 9795,86 млн.сўмлик сифатсиз бажарилган ишларнинг ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича буюртмачиларга талабномалар киритилди. Бугунги ижро этиш муддати келган 100 та объектдаги 8583,0 млн сўмлик сифатсиз бажарилган ишлар бартараф этилди, бажариш муддати келмаган 32 та объектдаги 1212,86 млн сўмлик сифатсиз бажарилган ишларнинг ижроси ҳудудий бўлимлар инспекторларининг назорати остига олинган.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига кўра кейинги 5 йилда умумий узунлиги 57,8 минг километр автомобиль йўлларини қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш, 30 минг километрдан зиёд тупроқ йўлларни таъмирлаб, қаттиқ ва шағал қопламали йўлларга босқичма-босқич ўтказиш назарда тутилган.
Бу борада маълумот олиш учун Автомобиль йўллари қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаевага сўров йўлладик. Аммо, ўз вазифасига масъулиятсиз ёндашган матбуот хизматидан ҳеч қандай жавоб ололмадик.
Аслини олганда автомобиль йўллари республикамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида алоҳида ўрин ва аҳамиятга эга бўлиб, у мамлакатимиз иқтисодиёти ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмасининг муҳим таркибий қисми бўлиб ҳисобланади. Бугунги кунда юк ва йўловчи ташишнинг асосий қисми айнан автомобиль йўллари ҳиссасига тўғри келади. Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда ташилаётган юкларнинг салкам 85 фоизи ва йўловчиларнинг 95 фоизи автомобиль йўллари орқали ташилмоқда.
Ҳозирги пайтда маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари билан бир қаторда, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларининг кўплаб участкалари транспорт-эксплуатацион ҳолатлари белгиланган талабларга жавоб бермайди. Йўл қурилиши соҳасидаги лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишларини назорат қилиш ишлари етарлича эмаслиги сабабли, кўп ҳолатларда бир қатор ташкилотлар томонидан йўл-қурилиш ишларини сифатсиз бажаришга йўл қўйилмоқда. Бунинг натижасида айрим ҳолларда янги қурилган йўллар ва улардаги сунъий иншоотлар ўзларининг белгиланган муддатига етмасдан ишдан чиқмоқда.
Бу эса, йўллардан фойдаланувчиларнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда. Кўп ҳолларда йўл қопламасидаги носозликларни четлаб ўтишга ҳаракат қилган ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини бузмоқда, айрим вазиятларда эса бу каби ҳолатлар йўл-транспорт ходисаларини келтириб чиқармоқда. Йўл қопламасидаги носозликлар автомототранспорт воситалари деталлари бузилишига, синишига сабаб бўлаётган ҳолатларни ҳар биримиз гувоҳи бўлиб турибмиз.
Автомобиль йўлларининг техник ҳолати билан бирга, уларда ҳаракатни ташкил этиш ҳолатларини ҳам кўнгилдагидек деб бўлмайди. Кўп жойларда йўл белгилари ва бошқа йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари асоссиз ўрнатилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Йўлларда ҳаракатни қандай даражада ташкил этилгани кун сайин мураккаблашиб бораётган тирбандликларда ўз аксини топмоқда. Бу шароитда йўл ҳаракати иштирокчиси сифатида ҳар биримиз жабр кўрмоқдамиз.
Хулоса қиладиган бўлсак, ўрганишлар асносида йўл қурилишида сифатсиз асфальт ва кўзбўямачиликлар учраётгани афсусланарли. Дастлаб асфальт сифати текширилиши ва хориж стандартлари асосида асфальт ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши керак. Шунингдек, юртимизда сифатсиз йўл учун уни қурган йўлсоз жавоб бериш амалиёти қўлланилиши лозим.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА