Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида шоира, ёзувчи ва таржимон Маҳбуба Соқиеванинг яқинда чоп этилган “Бир кафт тупроқ” ва “Милый друг” китоблари тақдимоти ҳамда муаллиф ижодига бағишланган “Мен само фазанди...” деб номланган адабий-бадиий ва маънавий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Унда пойтахтимиздаги турли олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва талабалари, таниқли шоир ва ёзувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, яхши бадиий асар инсоннинг кўнгил мулкига айланади, унга умр бўйи маънавий ҳамроҳлик қилади.
Маҳбуба Соқиева 1959 йил 18 январда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган. Бутунжаҳон “Гиперпоэма” лойиҳаси аъзоси, жаҳон шоирларининг “Всемпоэзия” V фестивали иштирокчиси. Шу вақтга қадар “Юрак ёмғири” ва “Маъюс кўзлар” номли китоблари чоп этилган ва ўқувчилар меҳрини қозонган. Унинг шеърлари турк, озарбайжон, тожик ва рус тилларига таржима қилинган.
[gallery-19451]
“Янги китоб” нашриётида чоп этилган “Бир кафт тупроқ” тўпламидан “Ноила” ва “Армон” қиссалари, 10 та ҳикоя, 70 га яқин шеърлар, 18 та таржима ўрин олган.
“Олтин мерос пресс” нашриёти чоп этган “Милый друг” китобида эса 20 нафардан ортиқ таниқли шоирларимизнинг турли мавзулардаги сара шеърлари рус тилига таржима қилинган.
Муаллифнинг насрий асарларида ижтимоий ва оилавий бурчнинг зиддиятли нуқталари, инсоннинг руҳий оламидаги эврилишлар, қалб изтиробларининг энг нозик кечинмалари-чертимлари ўзининг тиниқ ифодасини топган. У мукаммаллик сари интилаётган қаҳрамонлари қиёфасида ўз менини тўхтовсиз тадқиқ этади ва пухта таҳлил қилади.
Таниқли шоир ва таржимон Одил Икром таъбири билан айтганда, “Заҳматкаш ижодкор Маҳбуба Сувон Соқий қизининг қисса ва ҳикоялари равон ўқилади. Гўё яхши бир гурунг бераётган муаллифга ўқувчи қулоқ тутади. Шунинг учун ўқувчига китобнинг ҳар бир саҳифасидан эзгулик ва яхшилик уфуриб тургандай туюлади”.
Маҳбуба Соқиеванинг бетакрор ва гўзал шеърияти замирида, лирик кечинмаларида миллатнинг энг оғриқли дардлари, ижтимоий муаммолари катта маҳорат билан сингдирилганки, бу ҳам унинг ёниқ туйғуларга ошно эканини кўрсатади. Ижодкор дунёга ўзи айтмоқчи бўлган теран фалсафа ва ғояни бадиий сўз воситасида, самимий сатрлар тагматнига юклаб, оҳорли ташбеҳу истиоралар орқали жо этади.
Муаллиф сўнгги йилларда таржима бобида ҳам самарали изланишлар олиб борди. Ҳар бир таржимасида муаллифларнинг ижод оламини ич-ичидан чуқур билиши, уларнинг ўзига хос ёзиш услуби ва оҳангларини ўргангани, аслиятдаги маъно-мазмунни тугал ифода қилишга интилиши унинг нечоғли салоҳиятли эканининг ёрқин исботидир.
“Бир кафт тупроқ” китобида Россия, Тожикистон, Молдова, Украина, Озарбайжоннинг дунёга машҳур шоирлари – Сергей Есенин, Борис Пастернак, Сергей Михалков, Александр Кабишев, Михаил Матусовский, Феруз Низомиддин, Неъматжон Раҳимов, Ольга Гросу, Алёна, Олег Конвалия, Марина Цветаева ва Имран Қосимов шеъриятидан ўзбек тилига гўзал таржималар ўрин олган.
Рус тилидаги “Милый друг” китобида ўз шеърларидан ташқари, қатор ёзувчи ва шоирларимиз, хусусан, Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Сувон Соқий, Амир Худойберди, Амирқул Карим, Гулчеҳра Шаҳобиддинова, Ғулом Абдиев, Умида Хушвақтованинг шеърлари, Абдулла Қаҳҳор, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Қўчқор Норқобил, Мунаввара Усмонова, Муҳаммад Исмоил ва Музаффар Муҳаммадназирнинг ҳикоялари таржималари ҳам берилган.
Адабий тадбир юртимизда китобхонлик маданиятини кучайтириш, истеъдодли шоиранинг ижодини муносиб тарғиб этиш, ёшларимиз ўртасида маънавий муҳитни янада яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Н.Усмонова, ЎзА