Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов ўтказувчи Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи 55 та сайлов округига бешта сиёсий партиянинг ҳар биридан бир нафардан, жами 275 нафар номзод, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларидаги 345 та сайлов округига бешта сиёсий партиянинг ҳар биридан бир нафардан, жами 1 минг 725 нафар номзод тўғрисидаги аризалар “Е-сайлов” тизими орқали комиссияга юборилган.
Таъкидлаш жоиз, сиёсий партиялар депутатликка номзодларни саралаш ва уларнинг рўйхатини ҳудудий сайлов комиссиясига тақдим этишда гендер тенглик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Биргина халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутатлигига тавсия этилаётган номзодларнинг 46,5 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
– Сайлов кодексининг 37-моддасига кўра, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлигига сиёсий партиялар номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга. Ҳудудий сайлов комиссияси номзодларни белгиланган тартибда рўйхатга олади ва улар ҳақидаги маълумотлар расмий эълон қилинишини таъминлайди, – дейди Наманган вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси, Наманган давлат университети ректори, профессор Собитхон Турғунов. – Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугатилади. Комиссиямиз томонидан номзодлар ҳамда улар ҳақидаги маълумотлар атрофлича ўрганиб чиқилди. Маълумотлар Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ эканлиги аниқланди.
Йиғилишда муҳокамалардан сўнг партиялар томонидан халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашига кўрсатилган 275 нафар ҳамда шаҳар ва туман Кенгашларига кўрсатилган 1 минг 725 нафар номзод маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар сифатида рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.