Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида нутқ сўзлади.
– Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар ва туб ўзгаришлар жадал амалга оширилмоқда. Биз иқтисодиётни либераллаштириш, халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлигини юксалтиришга асосий эътибор қаратяпмиз. Ўтган даврда ялпи ички маҳсулотимиз ҳажми 2 баробар кўпайиб, илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Келгуси беш йилда бу рақамни 160 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз,– деди Президент. – Бундан кўзланган асосий мақсад – мамлакатимизни аҳолиси даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига олиб чиқишдир. Ушбу мақсадларга эришиш учун олдимизга катта-катта марраларни қўйганмиз.
Тўрт йил ичида мамлакатимиздаги камбағаллик даражасини 23 фоиздан 11 фоизга туширишга эришилгани таъкидланди. Жорий йил бу кўрсаткични 9 фоизгача, 2030 йилга қадар эса 2 баробар пасайтириш мақсад қилинган.
–Бизнинг ислоҳотларимиз туб негизида тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, одамларимиз учун барча соҳаларда янги иш ўринларини ва даромад манбаларини кўпайтиришдек устувор вазифа мужассам. Шу билан бирга, аҳолининг сифатли таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уй-жой шароитларини яхшилаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, энг оғир ҳудудларда инфратузилма тармоқларини барпо этишни қамраб олган “кўп ўлчовли” камбағалликни қисқартириш дастурини амалга оширяпмиз.
Шу боис илғор хорижий ёндашувлар асосида энг қуйи бўғин – маҳалла даражасига тушган ҳолда камбағалликни қисқартириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Яқинда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори жаноб Абхижит Банержи “Ўзбекистондаги маҳалла тизими ҳар бир муҳтож оилани камбағалликдан олиб чиқиш бўйича ўзининг ноёб рецептига эга”, деб таъкидлагани ҳам бежиз эмас”, – деди Шавкат Мирзиёев.
ЎзА